Энг қудратли дунё армиясидан ҳам қўрқмаётган Эрон. Унга уруш очиш – дунёда қимматчиликни бошлаш дегани. Деярли ярим асрлик санкция ва чекловларга қарамасдан бу давлатни нима кучли қилиб турибди? Нега дунё иқтисодиёти Эронга бу қадар боғлиқ? SUBYEKTIV жамоасидан янги форматдаги яна бир лойиҳа – MAYDON. Катта мавзуларни қисқа дақиқаларда, оддий тилда таҳлил қиламиз.

Санкциядаги Эрон

Енгилмас Эрон. Деярли ярим асрлик санкциялар сабаб у ерда одамлар замонавий машиналар минолмаслиги, эскирган самолётларда учиши, машҳур дунё брендларидан бехабар бўлишлари ёки сайёҳлар жуда кўп боравермайдиган манзил бўлиши мумкин. Лекин бу давлат нефт захиралари бўйича дунёда учинчи, газ захиралари билан иккинчи ўринда туради. Географик жойлашуви ҳам ёғликкина жойда. Ҳарбий салоҳияти билан эса энг кучли 15 таликда. У билан керак бўлса Ернинг бошқа қутбидаги энг қудратли давлат АҚШ ҳам ҳисоблашади.

Дунё Россия ва Украина уруши оқибатларига маълум даражада мослашиб улгурди. Аммо АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги янги қарама-қаршилик — дунё иқтисодиёти учун Россия босқинидан ҳам оғирроқ оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу уруш бадалини фақат бир минтақа эмас, балки бутун дунё ҳис қилади. Шунинг учун ҳам Эрон ҳақида билишимиз керак бўлган гаплар кўп.

Нега у диққат марказда?

Дунё харитасида Яқин Шарқ доимий равишда халқаро сиёсат марказида туради. Бу ерда урушлар, дипломатик сиёсатлар, катта давлатлар рақобати бирлашган. Чунки бу ерларда нефт бор. Нефть ва газ ҳали ҳам дунё иқтисодиётининг асосий ресурсларидан бири. Бундан ташқари Яқин Шарқ уч қитъа — Европа, Осиё, Африка ўртасидаги табиий кўприк ҳисобланади. Шу сабаб бу ҳудуд тарих давомида катта давлатларнинг рақобат майдони бўлган. Нефт бор жойда АҚШ бор, нефт бор жойда уруш бор.

Ўзбекистоннинг денгизлардан икки марта ёпиқ давлатлиги нега кўп эсланади? Чунки дунё савдосининг тахминан 80–90 фоизи денгиз ва океан сув йўллари орқали амалга ошади. Шунинг учун географияда “chokepoint” деб аталадиган жойлар, яъни бўғозлар, каналлар ва стратегик транспорт йўллари — жуда катта аҳамиятга эга. Бундай нуқталарни назорат қилган давлатлар нафақат глобал савдога, ҳатто уйингиздаги газ, свет, машинангиздаги бензин ва ҳатто еяётган нонингизнинг нархигача таъсир қилади.

Эронга келсак, у нафақат захиралари билан етакчи. Шу билан бирга у дунё энергетикаси учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғозига яқин жойлашган. Бу бўғоз орқали дунё нефть савдосининг тахминан бешдан бир қисми ўтади.