2026 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 11,6 млрд долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 767 млн долларга ёки 7,1 фоизга кўп.

Бунда экспорт ҳажми 3,54 млрд доллар (-23,4 фоиз), импорт ҳажми эса 8,04 млрд доллар (+29,8 фоиз) бўлди. Ташқи савдо салбий сальдоси эса 4,5 млрд доллардан ошди.

Экспорт ҳажмининг қисқариши кетма-кет беш ойдан бери олтин сотилмаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, 2025 йилда 9,9 млрд долларлик (+32,3 фоиз) олтин сотилганди. Бу умумий экспортнинг 29,3 фоизини ташкил этади. 

Сўнгги йилларда қуйидаги қийматдаги олтин сотуви амалга оширилган:

  • 2019 йил – 4,9 млрд доллар (умумий экспортнинг – 28,2 фоизи);
  • 2020 йил – 5,8 млрд доллар (38,3 фоиз);
  • 2021 йил – 4,1 млрд доллар (24,7 фоиз);
  • 2022 йил – 4,1 млрд доллар (21,3 фоиз);
  • 2023 йил – 8,1 млрд доллар (32,8 фоиз);
  • 2024 йил – 7,4 млрд доллар (27,8 фоиз).