Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича навбатдаги хулосаларини эълон қилди.

Қайд этилишича, 2025 йилда кучли истеъмол ва инвестициялар таъсирида Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ўсиши 7,7 фоизга етди, ишсизлик даражаси 0,7 фоиз пунктга камайиб, 4,8 фоизни ташкил этди. Ўсиш кенг қамровли бўлиб, хизматлар ва қурилиш соҳалари энг тез суръатларда кенгайган.

Юқори ички талабга қарамай, 2025 йил охирига келиб умумий инфляция 7,3 фоизгача секинлашди (2024 йилда — 9,8 фоиз эди). Бунга 2024 йил май ойида энергия ресурслари нархининг ошиши таъсирининг пасайиши, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан 6,9 фоизга мустаҳкамланиши ва қатъий пул-кредит сиёсати таъсир кўрсатган. Шунингдек, базавий инфляция ҳам 1,5 фоиз пунктга пасайди.

Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,9 фоизгача қисқарди. Бунга хомашё ва хомашё бўлмаган товарлар экспорти, шунингдек пул ўтказмалари ҳажмининг импортдан юқори бўлгани таъсир кўрсатди. Халқаро захиралар тахминан 13 ойлик импортни қоплай оладиган даражада сақланиб қолди. Иқтисодий фаолликнинг юқори суръатларда ўсиши ва хомашё нархларининг юқорилиги бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 2,1 фоизгача камайтиришга ёрдам берди, бу эса 3 фоизлик мақсадли кўрсаткичдан паст.

2026 йил учун кутилмалар

ХВЖ баҳолашига кўра, Яқин Шарқдаги уруш туфайли жаҳон иқтисодиётида ноаниқликлар кучайган бўлса-да, Ўзбекистоннинг ривожланиш истиқболлари ижобийлигича қоляпти.

«Давом этаётган ислоҳотлар, барқарор инвестициялар, юқори пул ўтказмалари оқими ва олтин нархларининг ошиши сабабли реал ЯИМ ўсиши 2026 йилда 6,8 фоиз бўлиши прогноз қилиняпти. Ички талаб аста-секин пасайиши ҳисобига ўсиш 2027 йилда тахминан 6 фоизгача секинлашиши кутиляпти», дейилади ХВЖ хулосасида.

Жорий ҳисоб тақчиллиги 2026 йилда қисқариши, бироқ 2027 йилда пул ўтказмалари оқимининг секинлашуви ва олтин нархлари ўсишининг пасайиши сабабли бироз кенгайиши мумкин.

Ўз навбатида инфляция прогнози 6,5 фоиздан 6,8 фоизгача оширилди. Бу у Яқин Шарқдаги можаролар туфайли нефт нархларининг қимматлашгани билан изоҳланяпти. Инфляция босими тартибга солинадиган нархларнинг секинроқ оширилиши ва транспорт соҳасига вақтинчалик субсидиялар берилиши ҳисобига юмшатилиши кутиляпти.