Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 25 август куни мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат раҳбари ҳудудлардаги студияларга йиғилган жамоатчилик вакилларини, улар орқали бутун халқни яқинлашиб келаётган улуғ байрам билан табриклади.
Қайд қилинишича, ортда қолган ўн йилда Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар юз берди. Тадбиркорликка кенг йўл очилиб, иқтисодиётни диверсификация қилиш, рақобатбардош саноат тармоқларини яратиш, чекка туман ва қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича улкан ишлар бажарилди. Таълим, тиббиёт ва маданият соҳаларига эътибор янги босқичга кўтарилди.

– Сўнгги ўн йил мамлакатимиз тарихида янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш босқичи сифатида абадий муҳрланди, – деди президент.
Бу даврда иқтисодиёт ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошди. Иқтисодиёт тармоқларига 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, умумий қиймати 76 миллиард долларлик 2 минг 163 та йирик саноат лойиҳаси ишга туширилди, қарийб 6 миллион нафар аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланди.
Бугун юртимизда дунёнинг етакчи компаниялари, йирик инвесторлари ва халқаро молия институтлари иштирокида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Инвестициялар кўпайиши билан саноатимиз қиёфаси ҳам тубдан ўзгармоқда.

– Биз хомашё экспорт қилган давлатдан уни чуқур қайта ишлаш занжири асосида тайёр маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқадиган иқтисодиётга ўтяпмиз. Энг муҳими, янги корхоналар билан бирга замонавий технологиялар, янги касблар ва юқори малакали иш ўринлари ҳам пайдо бўлмоқда, – деди давлат раҳбари.
Жорий йилнинг ўзида 1,7 миллиард долларлик 56 та йирик замонавий саноат ва сервис объекти иш бошлади, 8,8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилди.
Шунингдек, бюджетдан ажратилган 46 триллион сўм ҳисобидан 385 та мактаб, 113 та боғча, 81 та шифохона, 7,5 минг километр йўл, 3,2 минг километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилди, таъмирланди ва реконструкция қилинди.










