Хитойнинг Honor смартфон ишлаб чиқарувчиси томонидан ишлаб чиқилган робот ярим марафонни (21 километр) 50 дақиқа-ю 26 сонияда югуриб ўтди. Робот ушбу масофада угандалик чопағон Жейкоб Киплимо томонидан март ойида ўрнатилган янги жаҳон рекордини етти дақиқага янгилади.
Шу билан бирга, маррага оз қолганида ғолиб андроид тўсиққа урилган ва унга ўрнидан кўтарилиш учун одамлар ёрдами керак бўлган.
Якшанба куни бўлиб ўтган иккинчи Хитой робототехника ярим марафонида юздан ортиқ ҳуманоид (одамсимон) роботлар иштирок этди. Улар билан бирга одамлар ҳам алоҳида йўлакларда югуришди.

Натижа ўтган йилги пойгадан қайд этилганига қараганда сезиларли даражада олдинга қадам бўлди, ўшанда ғолиб робот маррага 2 соат-у 40 дақиқа ва 42 сонияда етиб келган эди. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, ўтган йилги мусобақанинг барча иштирокчилари масофадан бошқарилган бўлса, бу сафар роботларнинг деярли 40 фоизи трассани автоном тарзда босиб ўтди.
Хитойдаги Global Times нашри маълумотига кўра, финиш чизиғини биринчи бўлиб Honor компаниясининг масофадан бошқарилган роботи 48 дақиқа-ю 19 сонияда кесиб ўтган.

Аммо ғалаба мусобақа қоидаларига мувофиқ тарзда автоном навигациядан фойдаланган бошқа роботга берилган.



Роботларнинг бири стартдаёқ йиқилган.













