Макка пакти давлатлари Теҳронда
26 октябр куни Саудия Арабистони, Покистон ва Туркиянинг юқори мартабали расмийлари Теҳронда Эрон раҳбарияти билан учрашди.
Reuters хабарига кўра, Саудия мудофаа вазири шаҳзода Холид бин Салмон, Покистон армияси қўмондони фелдмаршал Осим Мунир ва Туркия разведка хизмати раҳбари Иброҳим Калин Теҳронга келган. Улар Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ва Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Муҳсин Ризоий билан музокара ўтказди.
Ар-Риёд ташриф «ҳарбий эскалациянинг қайтишига йўл қўймаслик» учун музокара каналларини очишга қаратилганини маълум қилди. Покистонлик расмийнинг айтишича, Мунир Трампдан дипломатик йўлни синаб кўриш учун рухсат олган ва Эронга ечим таклиф қилган. Бу таклиф ҳам АҚШ, ҳам Эрон манфаатларини ҳисобга олади. Режа қабул қилинса, Макка пакти давлатлари ва Қатар кафил бўлиши мумкин. Эрон эса ядровий дастур масаласи муҳокама қилинмаганини таъкидлади.
Муҳсин Ризоий бу ташриф «Америка таҳдидлари дунё давлатларига кам таъсир қилиши»ни кўрсатганини айтди. Унинг сўзларига кўра, минтақада «янги ва ижобий муҳит» пайдо бўлмоқда.
Учрашув Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги кескинлик кучайган пайтга тўғри келди. Трамп ўтган ҳафтада АҚШ Эронга яна зарба бериши мумкинлигини айтганди. Эрон хавфсизлик расмийлари эса бундай ҳолатда Форс кўрфазидаги сувости кабелларига ҳужум қилиш режасини тузганини маълум қилди. Шу куни ҳусийлар Саудия нефт қувури ва Ар-Риёд аэропортига ҳужум қилганини даъво қилди, Миср парламенти эса Саудияга ҳарбий ёрдам беришни маъқуллади.
Аммо айрим таҳлилчилар узоқ муддатли натижага унчалик ишонмаяпти. Чунки ҳусийларнинг ўз ҳисоб-китоблари бор ва Эроннинг уларга таъсири мутлақ эмас.
Олешкида ўт очиш тўхтатилди
Россия ва Украина Херсон вилоятида Россия назоратидаги Олешки шаҳрида маҳаллий ўт очишни тўхтатиш режимини жорий қилди. Бу шаҳарга инсонпарварлик ёрдамини етказиш ва аҳолини эвакуация қилиш учун зарур. Режим 27 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 03:00 да кучга кирди. Буни икки томон ҳам тасдиқлади.
Россия Мудофаа вазирлиги Херсон йўналишида ўқ узишни тўхтатганини маълум қилди. Украина омбудсмани ҳам Киев келишувга амал қилаётганини тасдиқлади. Бироқ жанглар ҳақиқатан камайганини мустақил ОАВлар текшира олмаган.
Оқ уй маълумотига кўра, келишувга АҚШнинг биринчи хоними Мелания Трамп воситачилик қилган. Режага кўра, шаҳарга аввал шифокорлар, дори-дармон, озиқ-овқат ва ичимлик суви етказилади, сўнг эвакуация йўлаклари очилади. Кремл сўзчисининг айтишича, кетишни истаган барча тинч аҳолига рухсат берилади. Эвакуациянинг ўзи камида бир неча кун давом этади.
















