Доналд Трамп 22 июл куни кечқурун ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида, Ҳўрмуз бўғозида Эрон томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай янги ҳужумга АҚШ томонидан зудлик билан жавоб қайтарилишини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Эрон кемаларга ракета, дрон ёки бошқа ҳар қандай қурол ёрдамида ҳужум қилган тақдирда ҳам, АҚШ Эрон ҳудудидаги муҳим инфратузилма объектларини нишонга олади.
Трампнинг сўзларига кўра, нишонлар қаторига Теҳрон шаҳрида ёки унинг атрофида жойлашган кўприклар ҳамда электр станциялари ҳам кириши мумкин.
Wall Street Journal: АҚШ Эрондаги транспорт инфратузилмасига зарба берган бўлиши мумкин
Ўтган ҳафта оммавий ахборот воситалари АҚШ Эрондаги бир қатор кўприклар ва аэропортлардан бирига зарба бергани ҳақида хабар тарқатди. Бироқ бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмаган.
The Wall Street Journal нашри манбаларга таяниб ёзишича, эҳтимолий ҳужумларнинг мақсади Ҳўрмуз бўғози соҳилида жойлашган Эрон ҳарбий-денгиз базасининг таъминот занжирини узиш бўлган.
Эрон қўшни давлатларга ҳужумларни кучайтирган
Нашр маълумотига кўра, бу воқеалардан кейин Эрон Форс кўрфази минтақасидаги АҚШ иттифоқчилари ҳисобланган давлатларга нисбатан ҳужумларни қайта бошлаган.
Жумладан, Кувайт, Баҳрайн ва Қатар ҳудудлари нишонга олингани ҳақида хабарлар берилмоқда.
БМТ АҚШнинг эҳтимолий ҳаракатларидан хавотир билдирди
Эроннинг БМТдаги доимий вакили АҚШнинг фуқаролик инфратузилмасига қарши зарбалари халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиши ва ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкинлигини маълум қилди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам ўз матбуот котиби орқали тарқатилган баёнотда Эрон ва бутун минтақадаги фуқаролик инфратузилмасига қарши ҳужумлар юзасидан жиддий хавотир билдирди.
АҚШ: Фақат ҳарбий нишонлар уриб туширилмоқда
Ўз навбатида, АҚШ Қуролли кучлари юқори аниқликдаги қуроллар ёрдамида Эрондаги ўнлаб ҳарбий нишонлар йўқ қилинганини билдирди.
Маълум қилинишича, нишонлар орасида ҳаво мудофаа тизимлари, радиолокация қурилмалари ҳамда соҳил ҳудудини кузатиш учун ишлатиладиган объектлар бор.
Трамп аввал ҳам янги ҳужумлар билан таҳдид қилган
Бу Трампнинг сўнгги кунлардаги биринчи кескин баёноти эмас.
21 июл куни у АҚШнинг кейинги эҳтимолий нишонларидан бири Эроннинг еростида жойлашган Pickaxe Mountain (“Пикакс тоғи“) деб аталувчи ядровий объекти бўлиши мумкинлигига ишора қилган эди.
Мақола чоп этилган вақтга келиб, АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операциялари 12-кун давом этаётгани қайд этилган.
Эрон: «Кўзга — кўз» тамойили амал қилади
АҚШ таҳдидларига жавобан Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи мамлакатнинг мудофаа сиёсати қатъийлигини таъкидлади.
У X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида:
«Бизнинг мудофаа доктринамиз аниқ: кўзга — кўз. Эронга қарши ҳар қандай тажовуз, жумладан инфратузилмамизга қилинган ҳужумлар кучли ва қатъий жавобга сабаб бўлади», — деб ёзди.
Ароқчи, шунингдек, Эронга қарши ҳар қандай тажовузга ҳар қандай шаклда ёрдам берган томонлар ҳам қонуний нишон сифатида баҳоланиши ҳақида огоҳлантирди.











