25 май куни, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида соат 7:00 дан 14:00 гача ўқувчиларнинг мактабга автомобил бошқариб келиши билан боғлиқ 238 та ҳолат аниқланди, деб хабар берди Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев.
«Байрамни бахтсизликларсиз ўтказиш учун минглаб йўл-патрул хизмати ва ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизмат ходимлари мактаблар ёнида кучайтирилган тартибда хизмат ўтамоқда. Ўқувчиларнинг ота-онасига тегишли ёки ижарага олган автомашинани бошқариб келганини кузатиш мумкин. Қоидабузарлар орасида 11-, 9- ва ҳатто 8-синф ўқувчилари ҳам бор», деди у.
ЙҲХХ вакили болаларнинг катта фожиа қурбони бўлишига ёки бошқалар ҳаётини хавф остида қолдиришига замин яратиб бераётган катталардан кўзини очишини, ёшларнинг тақдирига бефарқ бўлмасликни сўради.













