Интернетда йиллардан бери турли фаразлар айланади. Гўёки дунёдаги энг таъсирли кучлар аҳолини камайтиришни истайди. Айримлар COVID-19 пандемиясини табиий офат эмас, режалаштирилган дейди. Вакцинациялар орқали инсонларга таъсир ўтказилаётгани ҳақида ҳам даъволар бор. Озиқ-овқатга кимёвий моддалар қўшиб, микропластиклар аралаштириб ҳам касалликлар атай кўпайтирилаётгани айтилади. Урушлар ва геноцидлар эса миллионлаб инсоният ёстиғини қуритди. Бу ҳам одамлар кўплигидан зерикканларнинг ўйлаб топгани бўлиши мумкин. Бир қараганда ҳаммаси ишонарли гаплар. Лекин буларнинг ростлигини исботлаш керак. MAYDON’да яна бир катта мавзу қисқа дақиқаларда таҳлил қилинади.

Дунё аҳолиси биринчи миллиардга етиши учун минглаб йиллар керак бўлди. 123 йилдан кейинянабир миллиард. Қолган миллиардларга эса атиги ҳар 10-15 йилда эришилди. Ва бу кескин ўсиш жаҳон урушлари-ю, пандемиялар даврига тўғри келди.

Энг қизиғи эса XVIII аср олимлари агар одамзод бир миллиардга етса, дунёда очарчилик бошланади, деб бонг урган. Ундан ҳам ажабланарлиси – бугун дунё аҳолиси 8 млрддан ошди. Лекин энг ривожланган давлатлар энди озиқ-овқат етишмовчилиги эмас, инсонлар танқислигига дуч келмоқда. Қаҳатчиликми ёки камчилик?

Аҳоли сонининг кескин кўпайиши билан турли давлатлар турлича курашиб келган. Масалан, Хитойда 2015 йилгача “бир оила – бир фарзанд” сиёсати, Ҳиндистонда 1970-йиллардаги эркак ва аёлларни стерилизация қилиш компаниялари, Перуда 1990-йиллардаги аёллар розилигисиз қилинган стерилизациялар. Аммо булар кўпинча глобал даражада эмас, маълум давлатлардаги иқтисодий юкни камайтириш сиёсати сабаб қилинган.

Марказий Осиё давлатларида кенг қўлланадиган спирал қўллаш амалиёти ҳам аёллар саломатлиги ва оилани режалаштириш учунгина ихтиёрий қилиниши шарт. Мажбурий ҳолатларда бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши дегани.

Шу билан бирга, инсониятнинг Ер ресурсларига босими ортиб бораётгани ҳам инкор этилмайди. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, инсонлар ҳар йили Ер тиклай оладиган манбалардан тахминан 1,7 баробар кўпроқ фойдаланмоқда. Бу эса йиллик захира одатда август ойларига бориб тугашини англатади — яъни қолган ойларда инсоният гўёки “қарзга яшайди”. Лекин шу ҳолатда ҳам бу билан очарчилик бўлади дейиш ноўрин.