Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) ташкил этилган тадбирда экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Экология қўмитаси масъул ходимлари, университет раҳбарияти, ОАВ вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Жусипбек Казбеков Ўзбекистон халқаро экологик тадбирлар марказига айланаётганини таъкидлаб, иқлим ўзгариши, биохилма-хилликни сақлаш, чўлланишга қарши кураш ва сув ресурсларини бошқариш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилишини билдирди.

Матбуот анжуманида Глобал экологик жамғарманинг VIII Ассамблеяси доирасида юқори даражадаги давра суҳбатлари, 50 дан ортиқ сайд-ивентлар ва қатор халқаро ташаббуслар амалга оширилиши маълум қилинди. Шунингдек, “яшил” лойиҳаларга инвестиция ва грантларни жалб қилиш, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилгани айтилди.

Eco Expo Central Asia 2026 халқаро экологик кўргазмасида дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан вакиллар, инвесторлар, экологик маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва халқаро ташкилотлар иштирок этиши кутилмоқда. Кўргазма доирасида экологик маҳсулот ва хизматларга бағишланган 68 дан зиёд павильонлар ташкил этилади.

Тадбирда Green University ва унинг ҳузурида ташкил этилаётган 14 та “яшил” техникум фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланишича, мазкур таълим муассасаларида экологик соҳада рақобатбардош мутахассислар тайёрланади.

Шунингдек, анжуманда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Cat X халқаро мушуклар кўргазмаси ҳақида ҳам маълумот берилди.