Ўзбекистонлик каноэчи Артур Гулиев байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Жаҳон Кубогининг II босқичида зафар қучди.
28 ёшли спортчи C1 200 метр масофасидаги финал баҳсида олтин медални қўлга киритди. У қизғин курашда испаниялик Пабло Грана ва россиялик Сергей Свинаревни ортда қолдирди.
Гулиев маррага 00:38.44 сонияда етиб келди. Пабло Грана 00:38.63 сония, Сергей Свинарев 00:39.09 сония натижани кўрсатди.
Жаҳон Кубогининг II босқичи Германиянинг Бранденбург шаҳрида 14-17 май кунлари ўтказилади. Мусобақада 5 қитъанинг 60 давлатидан 854 нафар спортчи иштирок этмоқда. Тўрт кунлик мусобақа давомида 243 та пойга ўтказилади.
Жами 36 та медаллар тўплами ўйналади: байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 24 та ва параканоэ бўйича 12 та.
Спортчилар рейтинг очколар ва 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқи учун курашади.











