Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда JAC автомобиль заводи ишга тушди
Тошкентдаги “Янги Авлод” махсус саноат зонасида 18 май куни "JAC Motors Toshkent" автомобил заводи расман ишга туширилди. Очилиш маросимида давлат идоралари, автомобил саноати ва бизнес вакиллари иштирок этди.
Фото: JAC Motors
Тадбир доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган илк модел — JAC M3 автомобилининг йиғиш линияси ишга туширилди. Мазкур лойиҳа маҳаллий автомобил саноатини ривожлантиришга қаратилган йирик ишлаб чиқариш ташаббусларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Лойиҳа Хитойнинг JAC Motors компанияси ҳамда “Тошкент инвест компанияси” АЖ ҳамкорлигида қўшма корхона шаклида амалга оширилмоқда. Завод ички ёнув двигателли, гибрид ва электромобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини босқичма-босқич чуқурлаштиришни назарда тутади.

Умумий инвестиция ҳажми 135 млн АҚШ долларидан ошади. Лойиҳа 30 гектар майдонда икки босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқич (SKD) доирасида 35 млн доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 10 гектар ҳудудда йилига 10 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга линия ишга туширилди. Ушбу босқичда 100 та иш ўрни яратилди.

Иккинчи босқич (CKD) эса 20 гектар майдонда амалга оширилади. Тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга бўлган заводни 2027 йилнинг 4-чорагида ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур босқич якунида корхонанинг йиллик қуввати 30 мингтагача автомобилни ташкил этади, маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизга етказилади ҳамда 1000 га яқин қўшимча иш ўрни яратилади.
Лойиҳа доирасида келгусида JAC брендининг M3, M4, Sunray, JS8, RF8, T8 ва T9 моделлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Ишлаб чиқариш ҳажмининг бир қисми экспортга йўналтирилиши кутилмоқда.

Мутахассислар фикрича, янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ички бозорда рақобатни кучайтиради, автомобиллар ассортименти кенгайишига ва замонавий технологияларнинг тезроқ жорий этилишига хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳа саноат кооперациясини ривожлантириш ва автомобилсозлик соҳасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини оширишга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда автомобил саноати иқтисодиётнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида шаклланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, "JAC Motors Toshkent" заводининг ишга туширилиши ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, технологик ривожланишни жадаллаштириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш йўлидаги навбатдаги босқич сифатида баҳоланмоқда.