Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида 217 туп дарахт ўзбошимчалик билан кесиб ташлангани маълум бўлди. Ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши апелляция судида кўриб чиқилган. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган шахс “Mansur Tekstil Termiz” МЧЖ раҳбари билан ўзаро тил бириктирган. Улар шаҳарнинг Дўстлик маҳалласида жойлашган юридик техникум ҳудудидаги дарахтларни кўчиришга уринган.
Бу мақсадда дастлаб 20 млн сўмлик шартнома расмийлаштирилган. Бироқ ҳудуддаги дарахтлар вилоят Экология ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан хатловдан ўтказилиб, уларни кўчириш ва кесиш бўйича мурожаат рад этилган.
Шунга қарамай қурилиш ҳудудидаги 61 туп Элдор қарағайи, 36 туп Виргин арчаси, 101 туп Шарқ биотаси, 16 туп чинор ва 4 туп тут – жами 217 туп дарахт ўзбошимчалик билан кесиб ташланган. Оқибатда ўсимлик дунёсига 2 млрд 69 млн сўм зарар етказилган.


Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки суд собиқ мансабдорни Жиноят кодексининг 198-моддаси (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 3-қисми билан айбли деб топган. Унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Унинг қамоқда сақланган муддати чегириб ташланган ҳолда жазо муддати 1 йил 5 ой 15 кун этиб белгиланган.
Апелляция судида собиқ мансабдор ўзини айбсиз деб ҳисоблаб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган. У суддаги кўрсатмасида дарахтларни кесишга рухсат бор деб ўйлаганини ва қурилиш ташкилотига фақат “ёрдам бергани”ни билдирган. Аммо апелляция суди дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.









