“Доллар мустаҳкамланди”, “рубл қулади”, “сўм қадрсизланди” каби жумлалар тез-тез қулоққа чалинади. Нега айрим давлатларнинг пули жуда қадрли, бошқалариники эса қадрсиз? Валюта курсининг кўтарилиши ёки пасайиши нималарга боғлиқ? Курсни олдиндан прогноз қилиш мумкинми? Ҳамма битта валютадан фойдаланса бўлмайдими?

Валюта курси шунчаки Марказий банк ёки айирбошлаш шохобчасида кунлик янгилаб бориладиган рақам эмас. Бу қайсидир маънода иқтисодиётнинг ойнаси ва мамлакатга бўлган ишонч кўрсаткичидир. Масалан, сўм курсининг доллар ёки рублга нисбатан ўзгариши бевосита ва билвосита нархларга, ташқи савдога, инфляцияга, умуман бутун иқтисодиётга таъсир қилади.

Хўш, валюта курсининг кўтарилиши ёки пасайиши нималарга боғлиқ? Курсни олдиндан прогноз қилиш мумкинми?

Kun.uz “Содда иқтисодиёт” рукнида шу каби саволларга оддий тилда жавоб беради.

Нега доллар сўмдан қадрли?

Германияда иш билан юрибсиз. Кундалик харажатлар учун пул керак. Чўнтагингиздаги 100 долларни майдаламоқчи бўлганингизда унинг қиймати тахминан 85 еврога тенг эканига гувоҳ бўласиз. Кейин Виетнамга саёҳатга бордингиз: 100 доллар 2 млн 635 минг донгга тенг экан. Шунда ўз-ўзидан савол пайдо бўлади: нимага 1 доллар 1 сўм ёки 1 рублдан бир неча баробар қимматроқ, евро ёки фунт стерлингга нисбатан эса арзонроқ?

Валюта бозори ҳам иқтисодиётдаги талаб ва таклиф қонуниятлари асосида ишлайди. Агар сўмни долларга алмаштирмоқчи бўлганлар сони кўпайиб кетса, доллар курси ошади. Аксинча, долларни сотмоқчи бўлганлар кўпайса, сўм мустаҳкамланади. Одатда кучли иқтисодиётларга эга давлатлар, масалан АҚШ валютасига глобал бозорда кучли талаб бўлади, бу эса унинг қадри тушиб кетмаслигини таъминлайди.

Агар валюта курси иқтисодиётнинг юзи бўлса, унда нима учун 1 АҚШ доллари қўшни давлатларда, масалан Қирғизистонда тақрибан 87 сом атрофида, Қозоғистонда 460 тенге атрофида туради-ю, Ўзбекистонда унинг қиймати 12 000 сўмдан ҳам ошиб кетган? Наҳотки Ўзбекистон иқтисодиёти ушбу мамлакатлар иқтисодиётидан минглаб баробар кучсизроқ бўлса? Йўқ, бундай эмас. Валютанинг “номинал қиймати” билан унинг “реал макроиқтисодий қобилияти”ни бир-биридан қатъий фарқлаш зарур. Кўп ҳолатларда валюта купюрасининг юзидаги ноллар сони унинг қанчалик кучсиз эканлигини англатмайди, балки ушбу мамлакатнинг ўтмишда оғир инфляция давридан ўтгани ёки Марказий банк томонидан нолларни техник олиб ташлаш ислоҳоти – деноминация қилинган-қилинмаганини кўрсатувчи белгилардан биридир.