Фармонда театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ва амалий санъат ҳамда адабиёт каби йўналишларда ижодий бирлашмалар фаолиятини йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш; шоир ва ёзувчилар томонидан ҳар йили камида 50 та энг сара асарлар яратилишини, миллий адабиётнинг энг яхши 10 та асари хорижий тилларга таржима қилинишини таъминлаш; ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, жумладан, ҳар йили 1 минг нафар ижодкорни уй-жой билан таъминлаш, 3 минг нафарини бепул даволаш; нодавлат театр ва театр-студиялар сонини 2028 йилда 50 тага етказиб, театр соҳасида хусусий сектор иштирокини 25 фоизга ошириш каби мақсадлар белгиланган.
Фармонга кўра, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида ижодий бирлашмалар ташкил этилади. Уларнинг ижодий раҳбарлари ва уларга ташкилий масалаларни ҳал этишда кўмаклашувчи ҳамраҳбарлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади.
2027 йилдан бошлаб ижодий бирлашманинг йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўм миқдорида гонорар тўланади; уч йил давомида Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади, бунда ташиш харажатлари бўйича олинмай қолган даромадлар кейинчалик ҳар ойда қоплаб берилади; давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш харажати тўлиқ қопланади.
Истеъдодларни аниқлаш ва ривожлантириш, уларнинг продюсерлик фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган бизнес лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Маданият вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомисиз “Ижодга инвестиция” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади.
Жамғармага 2026 йил 1 июлга қадар республика бюджети ҳисобидан 200 миллиард сўм ажратилади ҳамда 2027 йилдан бошлаб давлат бюджети параметрларида ҳар йили камида 200 миллиард сўм маблағ ажратилиши назарда тутилади.
Маданият вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2027 йилдан бошлаб ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишида умумий ўрта таълим муассасалари ўртасида туман – вилоят – республика даражасида танловларни ўтказиб боради.
Бунда ҳар бир йўналиш бўйича республика даражасидаги танловда ғолиб деб топилган умумий ўрта таълим муассасасига ўз ижодини тарғиб қилиш, саҳна декорациялари ва либослари, мусиқа асбоблари харид қилиш учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан 500 миллион сўмдан грант берилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига миллий чолғу асбобларини сотиб олиш харажатларининг 30 фоиз қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.







