Федоров 18 август куни эълон қилган видеомурожаатида Украинада демократик жараёнларни тиклаш масаласини кўтарди. У уруш яна бир неча йил давом этган тақдирда ҳам мамлакатда сайловлар муддатини фақат ҳарбий ҳаракатлар тугашига боғлаб қўйиш тўғри эмаслигини таъкидлади.

«Агар уруш яна бир, икки ёки уч йил давом этса, Россия украиналиклар қачон яна ўз ҳокимиятини сайлаши мумкинлигини амалда белгилаш ҳуқуқига эга бўладими? Менинг ишончим комилки, йўқ. Демократия Россиянинг гаровига айланмаслиги керак», — деди собиқ вазир.

Федоров айни пайтда уруш шароитида тўлақонли сайлов ташкил этиш осон эмаслигини тан олди. Хусусан, фронтда хизмат қилаётган ҳарбийлар, хорижда яшаётган миллионлаб украиналиклар ва фронтга яқин ҳудудлардаги аҳолининг овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш зарур.

Бундан ташқари, сайлов жараёнида давлат институтларининг мустақиллиги, овоз бериш хавфсизлиги ва якуний натижаларга жамоатчилик ишончини таъминлаш масалалари ҳам ҳал қилиниши керак.

«Аммо мураккаблик имконсизлик дегани эмас. Украина дунё имконсиз деб ҳисоблаган ишларни кўп марта амалга оширган», — деди Федоров.

Украинада ҳарбий ҳолат амал қилиб турган пайтда сайлов ўтказиш қонунчилик билан тақиқланган. Шу сабабли Федоров ҳам сайловни дарҳол ўтказишни эмас, балки бунинг учун қонуний, хавфсиз ва реал механизм ишлаб чиқиш зарурлигини айтмоқда.

Федоров ҳукуматдаги кадрлар сиёсатини ҳам танқид қилди

Собиқ мудофаа вазири мурожаатида сайлов масаласи билан чекланиб қолмади. У давлат лавозимларига тайинлашда профессионаллик ва натижадорлик ўрнига шахсий садоқат асосий мезонга айланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Федоровнинг айтишича, жамиятда муайян лавозимга тайинлашда номзоднинг профессионаллиги, натижаси ва мамлакатни ўзгартириш қобилияти эмас, балки «тизимга шахсий садоқати» асосий мезон деган тасаввур пайдо бўлиши айниқса хавфли.

Reuters ҳам Федоровнинг чиқишини Украинадаги бошқарув тизимига нисбатан жиддий танқид сифатида баҳоламоқда. Собиқ вазир коррупция, ислоҳотларнинг секинлашиши ва давлат бошқарувидаги муаммолар ҳақида ҳам гапирган.

Федоров июлда лавозимидан кетган

Михаил Федоров 2026 йил январда Украина мудофаа вазири этиб тайинланган эди. Унинг номзодини Олий Радада 277 депутат қўллаб-қувватлаган.