Ҳафта давомида Зеленский Путинга хат ёзиб навбатдаги марта эркакчасига, яккама-якка учршашишни таклиф қилди, Россия президенти яна рад этди. Америка президенти Трамп Исроил бош вазири Нетаняҳуни бўралатиб сўкди. Қримда энергетик инқироз авж олди, Мадрид қайта қуриш арафасида. Қуйида ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини ёдга оламиз.
«Сен жиннимисан?»
Ҳафтанинг энг эсда қоларли воқеаси Трамп ва Нетаняҳу жанжали бўлди. Икки лидер Исроилнинг Ливандаги ҳаракатлари сабаб тортишиб қолган ва Трамп суҳбат давомида бир неча марта қўполлашиб, ҳақоратли сўзлар ишлатган. Гап шундаки, Исроил Ливанни бомбалашни давом эттиргани сабаб Эрон Америка билан музокаралардан чиқишини айтди. Бу Трампга ёқмади, шу сабаб у Нетаняҳуга бақирганини тушуниш мумкин.
Бу суҳбат тафсилотлари Американинг Axios нашри орқали сиздирилди. Бу ишончли манба, бундай инсайдлар кўп марта улар орқали сиздирилган. Исроил томони ўз манбалари орқали Трамп Нетаняҳуни сўккани ёлғон, деб хабар сиздиришга уринди, лекин энди исроилликлар гапига ўзидан бошқа ҳеч ким ишонмаяпти.
Трамп «Исроил бизга муҳтож, бизсиз ҳеч нима қилолмасди», деб юқоридаги гапларни қайсидир маънода тасдиқлади. «Йўқ, мен ажойиб дўстим Нетаняҳуни «F» ҳарфидан бошланадиган машҳур сўкиш билан сийламадим», деб чиққани ҳам йўқ.
Ана шунақа, Исроил орқамда Америка бор деб Ливан билан келишгандан кейин ҳам бу давлатни ҳеч қандай асоссиз бомбалаб ётганди. Қараса, Исроилнинг орқасида турган давлатга бу иш ёқмади, чунки ўша давлат уйида катта марака бошлаб қўйган, бутун дунёдан меҳмон кутяпти. Уй тўла меҳмон бўлса-ю, кап-катта давлар кўчага чиқиб урушиб юрса, уят бўлади.
Аслида бир давлат президенти бошқа бир давлат раҳбарини сўккани сариқ чақага арзимайдиган хабар, лекин бу икки давлат Яқин Шарқда уруш бошлаб қўйиб, уни тугатолмаётгани инобатга олинса, бу сўкиш нималаргадир ишора қилади. Аввало уруш бошлаш хато бўлганини камида сўккан президент ҳис қила бошлаганини. Сўкиш эшитган наригисига эса фарқи йўқ, у бутун дунё сўкишига ҳам одатланиб қолди.
Мактуб
Ҳафта давомида Украина президенти Зеленский Россия президенти Путинга хат ёзиб, навбатдаги марта яккама-якка учрашишни таклиф қилди. Каттагина хатда Зеленский Путинга сизлаб мурожаат қилди, лекин уни дипломатчасига бўралатиб танқид қилди, урушнинг ягона сабабчиси деб атади. Хат якунида Зеленский Путинга Россияда содир бўлган революцияни эслатган.








