XXI аср урушларида жанг майдони фақат қуруқлик, ҳаво ва денгиз сатҳларидан иборат эмас: урушлар энди кибермаконга ҳам кўчди. Исроил ва Эрон ўртасидаги рақамли тирашув – бунинг ёрқин намунаси. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури махсус сонида шу ҳақда ҳикоя қилинади.

Кўрсатувда Stuxnet вируси орқали Эроннинг Натанздаги уранни бойитиш инфратузилмасига зарар етказилгани, бундан хулоса чиқарган Эрон ҳам катта кибер державага айланиш йўлига ўтгани ҳақида сўз боради.

Суҳбатдошларимиз – киберхавфсизлик соҳаси мутахассиси Сауд Абдулвоҳид ва Исроил тарихи бўйича тадқиқотчи Тўйчибой Тайлақулов.

Сауд Абдулвоҳид:

Stuxnet тармоққа уланмаган тизимга қарши қўлланган ва тарихда физик инфратузилмага реал зарар етказа олган илк компютер вируси сифатида эътироф этилади. Вирус Натанздаги уран бойитиш центрифугаларининг ишлаш режимини яширин равишда ўзгартириб, уларни меъёридан ортиқ тезлаштириш ва кескин секинлаштириш орқали механик шикастланишга олиб келган. Натижада роторлар ва бошқа муҳим қисмлар издан чиқа бошлаган.

Бироқ Stuxnet'нинг аҳамияти фақат физик зарар етказганида эмас. Мутахассислар уни кибероперациялар тарихидаги энг мураккаб ва пухта режалаштирилган ҳужумлардан бири деб ҳисоблайди. Чунки бундай вирусни яратиш учун ҳужумчиларга центрифугаларнинг техник хусусиятлари, бошқарув тизимлари, айланиш тезлиги ва ишлаш алгоритмлари ҳақида жуда чуқур билим керак эди.

Шу сабабли операция ортида турган мутахассислар аввал Эрон фойдаланаётган центрифугалар ва саноат бошқарув тизимларининг ўхшаш намуналарини ўрганиб, ҳужумни реал шароитга яқин муҳитда синовдан ўтказган, деган қарашлар мавжуд. Бу уларга вируснинг қайси буйруқларни бериши, қайси параметрларни ўзгартириши ва қандай натижа юзага келишини олдиндан ҳисоблаш имконини берган.

Stuxnet ҳужумининг энг қизиқарли жиҳатларидан бири – кузатув тизимларини алдаш механизми эди. Яъни операторлар экранда центрифугалар нормал ишлаётгандек кўринаётган маълумотларни кузатган, амалда эса қурилмалар зарар кўраётган эди. Мутахассислар реал вақт маълумотлари ўрнига аввал ёзиб олинган нормал кўрсаткичларни кўришган. Шу сабабли муаммо узоқ вақт давомида аниқланмаган.

Ҳужумнинг иккинчи босқичида эса центрифугаларнинг айланиш тезлиги кескин ўзгартирилган. Айрим маълумотларга кўра, вирус частотани тахминан 1000 Hz дан 1400 Hz гача ошириб, кейин жуда паст даражага туширган. Бундай ўзгаришлар юқори тезликда ишлайдиган механик тизимларда кучли вибрация ва деформацияларга сабаб бўлиб, ускуналарнинг ишдан чиқишига олиб келади.