Хитой Миллий темирйўллар бошқармаси эълон қилган ҳужжат 2026–2030 йилларни қамраб олади. Global Times хабарига кўра, режа инфратузилма қурилиши, янги техник воситалар, рақамлаштириш, хавфсизлик ва чиқиндиларни камайтириш йўналишларини бирлаштиради.

Беш йил ичида соҳада қарийб 30 та янги илмий-технологик инновация марказини ташкил этиш, камида 100 та муҳим технология бўйича илгарилашга эришиш ва 500 тадан кам бўлмаган аҳамиятли илмий-техник натижа олиш мақсад қилинган.

Шунингдек, технологияларни амалда қўллашга доир камида 20 та намунавий ечим ёки намойиш лойиҳаси ишлаб чиқилади. Улар орасида 400 км/соат тезликка мўлжалланган юқори тезликдаги поездлардан фойдаланиш тизими ҳам бор.

Магнит ёстиқчада ҳаракатланувчи, 600 км/соат тезликка мўлжалланган поездлар бўйича эса тадқиқотлар босқичма-босқич олиб борилади. Тегишли тизимларни Хитойда ишлаб чиқариш учун зарур асосий технологиялар синовдан ўтказилиши режалаштирилган.

Йўловчилар учун расмий 12306 чипта платформаси ҳам ўзгаради. Уни асосан чипта сотиб олишга хизмат қилувчи сайтдан бутун сафар давомида йўловчига ҳамроҳ бўладиган интеллектуал тизимга айлантириш кўзда тутилган. Платформа турли транспорт воситаларини бирлаштирган сафар вариантларини таклиф қилиши ва шахсий эҳтиёжларни яхшироқ ҳисобга олиши керак.

Темирйўл соҳаси учун катта тил моделлари, маълумотлар тўпламлари ва ҳисоблаш инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади. Камида 20 та юқори сифатли соҳавий маълумотлар тўпламини яратиш ҳамда сунъий интеллектни қўллашнинг 20 тадан ортиқ намунавий сценарийсини жорий этиш режалаштирилган.

Экологик йўналишда кам ёнилғи сарфлайдиган дизел локомотивлари, шунингдек, аккумулятор ва водород каби энергия манбаларини бирлаштирган ҳаракат таркибини намойиш тартибида ишлатиш кўзда тутилган. Мақсад — темирйўл транспортидан чиқадиган карбонат ангидрид ҳажмини 2030 йилгача энг юқори нуқтага етказиб, кейинги пасайиш учун шароит яратиш.