Ой бошида ёмғир ва салқин ҳаво кутилмоқда
1 октябр куни республиканинг марказий ва шарқий вилоятларига нам ва нисбатан салқин ҳаво кириб келиши давом этади. Ушбу ҳудудларнинг айрим жойларида ёмғир ёғади. Энг жадал ёғингарчилик тоғолди ва тоғли ҳудудларда кузатилиши, баланд тоғларда эса ёмғир қорга айланиши мумкин.
2–4 октябр кунлари мамлакатнинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди.
Бироқ 4 октябрда шимоли-ғарбий ҳудудларга совуқ ва нам ҳавонинг янги оқими кириб келади. 5–7 октябр кунлари у аста-секин республиканинг барча ҳудудларига тарқалади.
Шимолда тунги ҳарорат нолдан пастга тушиши мумкин
Ҳароратнинг ўзгариб туриши ой охиригача давом этиши кутилмоқда. Илиқ даврларда ҳаво кечаси 10–13 даража, кундузи 25–28 даража илиққача кўтарилади.
Совуқ ҳаво оқимлари кириб келганда ҳарорат кечаси 3–8 даража, кундузи 15–20 даража илиққача пасайиши мумкин.
Шимолий ҳудудларда салқинлашиш сезиларлироқ бўлади: тунги ҳарорат 0–2 даража совуққача, кундузги ҳарорат эса 10–15 даража илиққача тушиши кутилмоқда.
Қайси ҳудудларда ёғин кўпроқ бўлади?
Октябрда ёғингарчилик ҳудудлар ва вақт бўйича нотекис тақсимланиши мумкин. Республика шимолида ёғин миқдори иқлимий меъёрдан кам, марказий ва жануби-шарқий ҳудудларда эса меъёр атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.
Шу билан бирга, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, шунингдек, Фарғона водийси вилоятларининг айрим туманларида ёғингарчилик меъёрдан кўп бўлиши эҳтимоли бор.
Октябр одатда қандай кечади?
Ўзгидрометнинг кўп йиллик кузатувларига кўра, октябрда ўртача ойлик ҳарорат сентябрга нисбатан 6–7 даража, шимолий ҳудудларда эса 8–9 даража паст бўлади. Ойнинг иккинчи ярмида, шимолда эса эртароқ дастлабки кузги совуқлар кузатилиши мумкин.
Иқлимий меъёр бўйича октябрда одатда 4–6 кун, тоғларга яқин ҳудудларда 7–9 кун, энг чекка жанубий ҳудудларда эса 1–3 кун ёмғир ёғади.
Жорий асрда энг серёғин октябр 2015 йилда кузатилган. Ўшанда Тошкентда 88 миллиметр — ойлик меъёрдан тўрт баравар кўп ёғин қайд этилган. Энг қуруқ октябр ойлари эса 2002, 2020 ва 2025 йилларга тўғри келган.

















