Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.
Қишлоқ хўжалигига таъсир. Ҳафта бошидаги совиш, айниқса тоғ ва тоғолди ҳудудларда, чорвачилик учун мавсумий шароитнинг ўзгарганидан дарак беради. Тунги ҳароратнинг +3…+8 даражагача пасайиши чорва молларини очиқ яйловларда сақлаш шароитини қийинлаштириши мумкин. Шу боис баланд тоғларда чорва молларини пастроқ ҳудудларга тушириш, ёмғирли кунларда уларни нам ва совуқдан ҳимоя қилиш муҳим. Ёғингарчилик эса тупроқ намлигини тиклаш ва кузги экинлар учун фойдали бўлиши мумкин. Бироқ тоғларда ёғиннинг кўп бўлиши айрим жойларда тупроқ эрозияси ва сел хавфини ҳам ошириши мумкин. Дам олиш кунларида ҳароратнинг яна +30…+32 даражага кўтарилиши эса намлик шароити ва ўсимликларнинг сувга бўлган эҳтиёжини яна ўзгартиради.
Аҳоли саломатлигига таъсир. Ҳафта бошидаги салқинликдан кейин қисқа муддатда иссиқ об-ҳавога қайтиш организм учун яна синов бўлади. Айниқса болалар, кексалар, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликлари бор кишиларни эҳтиёт қилиш, эрталаб-кечки салқинлик ва кундузги илиқлик ўртасидаги фарқни ҳисобга олиш керак. Тошкент ва Фарғона водийсида антициклон таъсирида шамол сусайиб, ҳаво алмашинуви чекланган пайтларда ҳаво сифати ҳам ёмонлашиши мумкин. Умуман, бу ҳафтада аҳоли ва қишлоқ хўжалиги учун асосий метеорологик омил совуқ, ёғингарчилик ва иссиқликнинг қисқа вақтда бир-бири билан алмашиши бўлади.















