Самарқанд вилояти туманларидан биридаги электр таъминоти корхонаси раҳбари маҳаллий тадбиркорга тегишли умумий овқатланиш шохобчасининг электр тармоғига ўзбошимчалик билан улангани оқибатида давлатга етказилган 393 миллион сўмлик зарар бўйича жиноий жавобгарликка торттирмасликни ваъда қилган. У зарар миқдорини камайтириб кўрсатган ҳолда ишни маъмурий тартибда судга чиқариб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Мансабдор шахс жорий йил июл ойи охирида ушбу маблағнинг 4 минг АҚШ долларини олган. Кейинчалик тадбиркордан қолган 1 минг долларни ҳам тезроқ беришини сўраган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у қолган 1 минг АҚШ долларини учинчи шахс орқали олган вақтида ушланди. Қайд этилишича, мазкур раҳбар муқаддам судланган бўлган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида 1988 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 2001 йилда туғилган фуқарони Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 20 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи олдиндан 13 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.