ЖЧнинг 3-турида ҳам плей-оффга чиқиш имконини сақлаб қолишимиз муҳим эди. Қадрдонимиз Колумбия Конгони енгиб, бизга ана шу имконни тақдим этди. Тўғри, ҳаммаси ўз қўлимизда эмас, бошқа ўйинларни кузатишга мажбурмиз. Лекин барибир охирги ўйингача имкон борлиги футболчиларни бўшашмай ўйнашга ундайди. Бунинг устига, охирги турдаги рақибимиз Португалия каби қўрқинчли эмас, уларга тишимиз ўтади.
Қай ҳолатда чиқамиз?
Олдинги ЖЧларида жамоалар сони 32 та бўлгани учун 8 та гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни олганлар кейинги босқичга чиқиб, 1/8 финал ўйинлари бошланарди. Бу гал жамоалар сони 48 та. 12 та гуруҳдан 2 тадан жамоа чиқса, 24 та бўлади. 1/8 финал учун жамоалар кўп, 1/16 финал учун кам, шу сабаб учинчи ўринни олган жамоалар ичида энг яхши натижа қайд этган 8 жамоа ҳам плей-оффга чиқади. Биз энди ана шу 8 жамоадан бири бўлиш учун ҳаракат қиламиз. Бу учун Конгони фақат енгишимиз керак, имкон бўлса йирикроқ ҳисобда.
Вазият қандай?
Швеция, Жазоир, Хорватия, Парагвай, Шотландияда 3 очкодан бор ва уларнинг имконияти яхшироқ. Лекин ҳеч бир жамоа учинчи ўринлар учун бериладиган 8 йўлланмани нақд қилмаган.
Келинг, ҳар бир гуруҳни қараб чиқиб, 3-ўринни ким олиши мумкинлигига тўхталамиз. Бугунги «А» гуруҳи ўйинларида Жанубий Корея ва Мексикага мухлислик қиламиз. Улар Чехия ва ЖАРни мағлуб этишса, бу гуруҳнинг учинчи жамоасида 1 очко бўлади, кимдир дуранг ўйнаса, 2 очко. Биз учун бўлаверади.
«B» гуруҳида эҳтимолий учинчи ўрин соҳиблари Босния ва Қатар ўзаро ўйнайди. Бу ўйинда бизни дуранг қониқтиради. Кимдир ютса, очкоси 4 та бўлиб, битта йўлланмани нақд қилади.
«C» гуруҳидаги Шотландия биринчи турда Ҳаитини енгиб плей-офф томон катта қадам ташлаб бўлган. Охирги турда Марокаш Ҳаитини енгса керак, шотландлар Бразилияга жуда катта ҳисобда ютқазмаса, саккизталик йўлланмага илинади.
«D» гуруҳида иккинчи ва учинчи ўрин учун Австралия ҳамда Парагвай курашади. Биз учун «кенгурулар» Парагвайни имкон қадар йирик ҳисобда енгиши яхши. Туркия ва АҚШ ўйини эса биз учун ҳеч нимани ўзгартирмайди, НАТОчилар билган ҳисобида ўйнайверсин.
«E» гуруҳида вазият биз учун яхши. Кот-д’Ивуар охирги турда Кюрасаони енгса керак. Германия ҳам бўшашмай Эквадорни мағлуб этишига умид қиламиз. Шунда бу гуруҳнинг учинчи жамоаси 1 очко билан қолиб кетади. «F» гуруҳини юқорида эсладик, барчаси шведларнинг ўз қўлида. «G» гуруҳида Эрон ёки Белгия очко йўқотиш керак. Гуруҳ пешқадами Миср Эронни, Белгия Янги Зеландияни енгса, қитъадошимиз Эрон 2 очко билан учинчи бўлади. Бу бизни қониқтиради. Белгия ва Эрон ўрин алмашиши ҳам мумкин. Асосийси, кимдир 2 очко билан учинчи бўлсин.

















