Францияда қайд этилган тарихда биринчи марта инсоннинг Шамонда вируси билан зарарланиши ягона ҳолат сифатида баҳоланмоқда, деб хабар берди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Аввалроқ Лион шаҳрида инсоннинг Шамонда вируси билан зарарланиши бўйича маълум бўлган илк ҳолат қайд этилган эди. Вирус бошқа бир оғир хасталикдан даволанаётган кекса эркакда аниқланган.
Бемор вафот этди, бироқ ЖССТ содир бўлган воқеани ягона ҳолат сифатида таърифламоқда. Франция соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Грегори Эмери «мисли кўрилмаган ҳолат юз берганини» маълум қилди, аммо беморнинг ўлими аввало унинг ўта заиф иммун тизими билан боғлиқлигига ишонтирди.
«Ҳозирча бу ягона ҳолат. ЖССТ вазиятни кузатиб бормоқда ва янги маълумотлар келиб тушиши билан янгиланган ахборотни тақдим этиб боради», — дейилади ташкилот баёнотида.
Шунингдек, ЖССТ Франция расмийлари билан яқин алоқада эканини маълум қилди.
Шамонда вируси (SHAV) — ҳайвонларнинг юқумли касаллиги қўзғатувчиси бўлиб, у Orthobunyavirus уруғига ва таркибига Шмалленберг ҳамда Акабане касаллиги вируслари ҳам кирувчи Симбу серогуруҳига мансубдир.
ЖССТ маълумотларига кўра, вирус илк бор 1965 йилда Нигерияда йирик шохли қорамолларда аниқланган. У асосан қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига: сигир, қўй, эчки, от ва алпакага зарар етказади. Касалланган ҳайвонларда иситма, ич кетиши ва сут миқдорининг камайиши, шунингдек, янги туғилган бузоқларда нуқсонлар кузатилиши мумкин.
Вирус ҳайвонларга асосан Culicoides уруғига мансуб майда чивинлар чақиши орқали юқади. Шамонда вирусига қарши вакцина ёки дори воситаси мавжуд эмас.
Авваллари ҳайвонлар орасидаги аксарият ҳолатлар Африка ва Японияда қайд этилар эди. Бироқ жорий йилнинг ёзида вирус Европада: дастлаб Германия ва Швейцарияда, сўнгра Австрия, Белгия ва Францияда аниқлана бошлади.

















