Ўзбекистон ҳукумати “Қуёшли хонадон” дастури доирасида жисмоний шахслар олдидаги субсидия қарздорликларини тўлаб бермоқда.

Солиқ қўмитаси хабарига кўра, жорий йилнинг апрел-май ойларида 60 193 нафар жисмоний шахс “Қуёшли хонадон” дастуридан фойдаланиб, электр тармоқларига узатилган 156 125 388 kWh қуёш энергияси учун давлат бюджетидан 156 млрд 125 млн сўм субсидия олади (1 kWh учун 1000 сўмдан).

Субсидиянинг энг катта қисми Хоразм (29,1 млрд сўм) ва Бухоро (27,1 млрд) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига (19,1 млрд) тўғри келади.

“Қуёшли хонадон” дастури бўйича апрел-май ойларидаги субсидия пуллари – жами 9 миллион 386 минг сўм ҳисобимга тушди”, – дейилади 2 июл куни обуначилардан бири Kun.uz'га юборган видеода.

Kun.uz'нинг яна бир муштарийси икки ой учун 9,5 млн сўм субсидия олганини маълум қилди. Аввалроқ икки ойлик қарздорликлар юзасидан фуқаролар мурожаатларини ёритган, бу мавзуда иқтисодчи Отабек Бакиров билан суҳбат ҳам ташкил этган эдик.

Бакировнинг эътибор қаратишича, жисмоний шахсларга икки ойлик субсидиялар тўлана бошлаган бўлса-да, тадбиркорлар томонидан қуёш панеллари орқали тармоққа узатилган электр энергияси учун ярим йилга яқин йиғилиб қолган қарздорликларни тўлаш борасида ҳозирча ўзгариш кузатилмаяпти.

Иқтисодчи аввалроқ Kun.uz'га берган интервюсида қуёш панелларидан умумий электр тармоғига узатилаётган энергия учун субсидияларнинг ҳеч қандай изоҳсиз тўхтатилганини “ишончга путур етказувчи ҳолат” деб баҳолаганди. У ҳукуматни инвесторлар билан дастлаб қандай келишув тузилган бўлса, ўша мажбуриятларга амал қилишга чақирганди.