Иқтисодиёт | 10:10
427
2 дақиқада ўқилади

Чарм саноати давлат кўмагига эга бўлади

Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноатини қўллаб-қувватлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган янги механизмлар жорий этилади. Президент қарорига мувофиқ, корхоналарга субсидиялар ажратилади, импорт харажатларининг бир қисми қоплаб берилади ҳамда давлат харидларида қўшимча имтиёзлар тақдим этилади.

Президентнинг «Чарм-пойабзал саноатида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 31 декабрга қадар Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тайёр чарм ишлаб чиқарувчи корхоналарга ишлаб чиқарилган ва сотилган ҳар бир дециметр квадрат тайёр чарм учун 350 сўм миқдорида субсидия ажратилади.

Шунингдек, пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ишлаб чиқаришга жорий этилган ҳар бир янги модел учун 1 миллион сўмдан, бироқ бир календар йилда 50 миллион сўмдан ошмаган миқдорда субсидия берилади.

Пойабзал ишлаб чиқарувчиларнинг ўз эҳтиёжлари учун импорт қилган пойабзал қолиплари қийматининг 50 фоизи ҳам қоплаб берилади. Бунда Европа Иттифоқи давлатларидан импорт қилинган қолиплар учун йиллик компенсация 10 минг АҚШ долларидан, бошқа давлатлардан импорт қилинганлари учун эса 5 минг АҚШ долларидан ошмайди.

Бундан ташқари, енгил саноат корхоналари сув тозалаш иншоотларида фойдаланиш учун харид қилган кимёвий воситалар ва реагентлар қийматининг 50 фоизини ҳам давлат қоплаб беради.

Қарор билан 2026 йил 1 сентябрдан давлат харидлари тизимида ҳам янги тартиблар жорий этилади. Жумладан, маҳаллий чарм хомашёси ва бутловчилардан кенг фойдаланадиган, янги иш ўринлари яратган ҳамда ўз савдо белгиси ва брендини рўйхатдан ўтказган корхоналарга қўшимча балл берилади ва 15 фоизгача нарх преференцияси тақдим этилади.

Шунингдек, давлат харидлари орқали сотиб олинадиган махсус пойабзаллар учун мувофиқлик сертификати тўғрисидаги маълумотни электрон тизимда жойлаштириш мажбурий тартиб сифатида жорий этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид