Қайси авиакомпаниялар борткузатувчиларни ишга олади?

Ўзбекистонда тўртта авиакомпания: Uzbekistan Airways, Qanot Sharq, Silk Avia ва Centrum Air мунтазам равишда борткузатувчиларни ишга қабул қилади. Айрим ташувчилар иш тажрибасига эга бўлмаган номзодларни ўқитишга тайёр бўлса, бошқалари фақат иш тажрибасига эга амалдаги борткузатувчиларни ишга олади.

Саралаш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва ҳужжатлар рўйхати фарқ қилади. Шунинг учун ариза топширишдан олдин авиакомпания сайтидаги долзарб вакансия билан танишиб чиқиш тавсия этилади.

Номзодларга қандай талаблар қўйилади?

Талаблар авиакомпания ва муайян танловга қараб фарқ қилади, аммо Ўзбекистондаги аксарият авиаташувчиларда улар ўхшаш. Ишга қабул қилишда номзоднинг ёши, маълумоти, тил билиши, жисмоний кўрсаткичлари, соғлиғи ва ташқи кўриниши баҳоланади.

Масалан, Uzbekistan Airways авиакомпаниясида иш тажрибасига эга бўлмаган номзодларга қуйидаги талаблар қўйилади:

●      Ўзбекистон фуқаролиги;

●      18 ёшдан 25 ёшгача (баъзи танловларда ёш чегараси баландроқ бўлиши мумкин);

●      камида ўрта маълумот;

●      ўзбек, рус ва инглиз тилларини билиш;

●      бўйи авиакомпания талабига тўғри келиши;

●      соғлиги ҳаво кемаси бортида ишлашга тўғри келиши.

Бундан ташқари, авиакомпаниялар номзоднинг ташқи кўринишига ҳам эътибор қаратади. Одатда тананинг очиқ қисмларида кўзга ташланадиган татуировка ва пирсингга йўл қўйилмайди. Инглиз тилидан ташқари бошқа хорижий тилларни билиш устунлик ҳисобланиши мумкин.

Амалдаги борткузатувчилар учун талаблар бошқача бўлади. Авиакомпаниялар иш тажрибасидан ташқари, амалдаги борткузатувчи гувоҳномаси, ТУЭК хулосаси ва муайян турдаги ҳаво кемалари бўйича сертификатларни талаб қилиши мумкин.

Ариза топшириш учун қандай ҳужжатлар керак?

Саралашнинг биринчи босқичи — ҳужжат топшириш. Агар номзод асосий талабларга жавоб бермаса ёки аризани нотўғри расмийлаштирган бўлса, танловнинг кейинги босқичига қўйилмаслиги мумкин.

Uzbekistan Airways авиакомпаниянинг расмий сайтидан юклаб олиш мумкин бўлган ўз резюме шаклидан фойдаланади. Маълумотнома-объективка ва одатий анкета унинг ўрнини босмайди.