Компаниянинг 4 август куни эълон қилинган молиявий ҳисоботига кўра, иккинчи чоракда Lufthansaʼнинг соф фойдаси 123 миллион еврога тушган. Операцион фойда эса 56 фоизга қисқариб, 383 миллион еврони ташкил этган.
Шу билан бирга, компания даромади 8 фоизга ўсиб, 11,1 миллиард еврога етган. Бироқ тушумнинг ошиши харажатларнинг кескин кўпайишини қоплаш учун етарли бўлмаган.
Компания ҳисоб-китобларига кўра, ёнилғи харажатлари кутилганидан 750 миллион еврога кўпроқни ташкил этган. Учувчиларнинг иш ташлашлари эса авиаташувчига яна 150 миллион евро зарар келтирган.
Lufthansa раҳбарияти мазкур ҳолат АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро ортидан авиация ёнилғиси нархининг ошиб кетгани билан ҳам боғлиқ эканини таъкидлади. Шу сабабли компания 2026 йил якунида ҳам фойда камайиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Молиявий ҳисобот эълон қилингач, Lufthansa акциялари биржа савдоларида 10 фоиздан ортиқ арзонлади.
Компания молия директори Тилл Штрайхертнинг айтишича, авиация керосини нархи ошиб кетиши туфайли юзага келган қўшимча харажатларнинг тахминан 60 фоизини авиачипталар нархини ошириш ҳисобига қоплашга муваффақ бўлинган. Унинг сўзларига кўра, яқин ойларда чипталар нархи яна ошиши эҳтимоли юқори.
Бош директор Карстен Шпор эса, нархлар қимматлашганига қарамай, авиақатновларга талаб юқорилигича қолаётганини билдирди.
Шу билан бирга, техник хизмат кўрсатиш ва юк ташиш билан шуғулланувчи Lufthansa таркибидаги компаниялар молиявий натижаларга ижобий ҳисса қўшган. Аммо авиакомпаниянинг рақобатчилари — Air France-KLM ва IAG (British Airways эгаси) фойданинг нисбатан камроқ қисқарганини маълум қилган.
Компания айрим йўналишларда Эрон атрофидаги вазиятдан ҳам иқтисодий жиҳатдан фойда кўрган. Можаро сабаб Emirates ва Qatar Airways каби Форс кўрфази авиакомпаниялари ўз ҳаблари фаолиятини вақтинча чеклагани учун Европа авиаташувчилари Осиё йўналишларида чипта сотишдан кўпроқ даромад олган.
Бироқ Lufthansa раҳбариятининг қайд этишича, Форс кўрфази авиакомпаниялари ҳозирда барча рейсларни қайта тиклаган ва бозорда рақобатни кучайтириш мақсадида яна жозибадор тарифларни таклиф этмоқда.
Шу йил апрел ойида Lufthansa ёнилғи харажатларининг ошиши ва касаба уюшмалари билан меҳнат низолари сабабли ўзининг минтақавий CityLine авиакомпанияси фаолиятини тўхтатишини эълон қилган эди.











