Ўзбекистон | 18:00
1023
7 дақиқада ўқилади
Реклама

«Кунгабоқар ёғи таркибида бензин ва гексан мавжуд эмас», – Тошкент кимё-технология институти профессори Аҳрор Абдураҳимов

Ижтимоий тармоқларда «кунгабоқар ёғи саратон келтириб чиқаради», «таркибида заҳарли моддалар бор» деган мазмундаги видеолар тарқалди. Бундай даъволар ҳар бир хонадонда кундалик эҳтиёж бўлган ушбу маҳсулот атрофида турли хавотирларни юзага келтириши табиий. Хўш, ўзи кунгабоқар ёғида қандай моддалар учрайди? Қайси ҳолларда у соғлиқ учун зарарга айланиши мумкин? Тошкент кимё-технология институти лабораториясида «Донской янтарь» ёғи мисолида мазкур жиҳатлар кўриб чиқилди.

Кунгабоқар уруғидан ёғ ҳосил қилишнинг икки асосий усули мавжуд: механик пресслаш ва экстракция. Замонавий йирик саноат ишлаб чиқаришда кўпроқ экстракция усули қўлланилади. Жараёнда уруғдан ёғни максимал ажратиш учун органик эритувчи ҳисобланган гексан моддаси ишлатилади.

Гексан – нефть фракцияларидан олинадиган учувчан модда бўлиб, у ёғни уруғ қолдиқларидан экстракциялаш самарадорлигини оширади. Муҳим жиҳат шундаки, ушбу модда тайёр маҳсулот таркибида қолиб кетмайди, фақат технологик босқичда восита сифатида қўлланилади.

Профессор Аҳрор Абдураҳимовнинг тушунтиришича, ишлаб чиқаришнинг кейинги босқичларида ёғ буғлантирилади, вакуум остида тозаланади ва юқори ҳароратда дегазация қилинади.

“Натижада гексан каби учувчан моддалар бутунлай йўқотилади ёки меъёрий даражадан паст (аниқланмайдиган) ҳолатга туширилади. Шу сабабли стандартларга мос ишлаб чиқарилган ёғ таркибида бензин ёки гексан қолиши илмий жиҳатдан тасдиқланмаган”, – дейди у.

Даладан йиғиб олинган кунгабоқар уруғидан биринчи босқичда тўқ сариқ, ўткир ҳидли ва хира ёғ олинади. Уни тўғридан-тўғри овқатга ишлатиш тавсия этилмайди. Маҳсулот биз дўконларда кўрадиган оч сариқ, тиниқ ва ҳидсиз ҳолатга келиши учун заводда тўрт босқичдан иборат рафинация жараёнидан ўтади:

“Биринчи навбатда, ёғ қиздирилганда кўпикланиб кетмаслиги учун унинг таркибидаги табиий елимсимон моддалар ажратиб олинади. Шундан сўнг, маҳсулотга ўша тўқ рангни бериб турган табиий пигментлар махсус лойлар ёрдамида шимиб олиниб, фильтрланади ва ёғ чиройли оч сариқ тусга киради. Навбатдаги босқичда эса масса аста-секин совутилади; бунда унинг таркибидаги табиий мумлар (воск) кристаллга айланади ва сузиб олинади, натижада маҳсулот музлатгичда ҳам хиралашмай, ҳар доим тиниқлигини сақлаб қолади. Энг асосий, якуний босқич ҳисобланган ҳидсизлантириш (дезодорация) жараёнида эса ёғ тахминан 240 дан 260 даражагача бўлган ўта юқори ҳароратда, вакуум остида буғ билан тозаланади. Шундан сўнг унинг ўзига хос ўткир ҳиди ҳамда уруғдан ёғни ажратиб олишда ишлатилган гексан каби ҳар қандай учувчан моддалар қолдиқлари бутунлай буғланиб, йўқолади. Маҳсулот ёрлиғидаги “рафинацияланган ва дезодорация қилинган” деган ёзув айнан мана шу босқичлардан ўтган, барча зарарли моддалардан тўлиқ тозаланган хавфсиз маҳсулотни англатади”, – дейди Ecoborn компанияси Сифат назорати ва харидорлар билан ишлаш бўлими менежери Сардор Забиров.

Мутахассиснинг фикрича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда кўпинча технологик жараёнда фойдаланиладиган моддалар ҳамда тайёр маҳсулотнинг таркиби ўзаро аралаштириб юборилади.

“Гексан, бензин ва бошқа эритувчилар ҳақида гап кетганда, улар якуний маҳсулот таркибида мавжуд деб нотўғри хулоса қилинади. Аслида мазкур моддалар озиқ-овқат маҳсулоти таркибида учраши мумкин эмас, чунки улар халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги стандартлари (Codex Alimentarius ва бошқа техник регламентлар) бўйича қатъий назорат қилинади”, – дейди у.

§ Лаборатория таҳлилларига кўра, тозаланган кунгабоқар ёғи асосан:

§ линол кислота (Омега-6);

§ олеин кислота (Омега-9);

§ тўйинган ёғ кислоталарининг кичик улуши;

§ Е витамини (токофероллар)дан ташкил топган триглицеридлар аралашмасидир.

Бу компонентлар организм учун зарур энергия манбаи бўлиб, айниқса, ҳужайра мембраналари ва гормонал баланс учун муҳим аҳамиятга эга.

“Лаборатория шароитида “Донской янтарь” бренди маҳсулотлари таркиби ўсимлик мойларининг чақнаш ҳароратини аниқловчи махсус "Мартен-Пенский" ускунаси ёрдамида чуқур ўрганилди. Давлат стандарти талабларига асосан ўтказилган ушбу таҳлиллар тайёр ёғ таркибида гексан, бензин каби ҳеч қандай органик эритувчилар ёки бошқа бегона йод моддалар йўқлигини тасдиқлади. Хроматографик текширувлар натижасига кўра, маҳсулот 100 фоиз тоза ўсимлик мойидан иборат бўлиб, унинг 96-97 фоиз қисмини инсон организми учун фойдали бўлган 37 хил турдаги ёғ кислоталари ташкил этиши аниқланди. Тегишли стандарт ва сифат кўрсаткичларига амал қилинган ҳолда ишлаб чиқарилган бундай маҳсулот инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиздир”, – дейди Тошкент кимё-технология институти профессори Аҳрор Абдураҳимов.

Қачон кунгабоқар ёғи зарарли бўлиши мумкин?

Олимлар ёғнинг ўзи эмас, балки ундан фойдаланиш усули соғлиқ учун хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлайди. Ёғ бир неча марта юқори ҳароратда қайта-қайта қиздирилганда унда оксидланиш жараёни кечади, транс-ёғ кислоталари ҳосил бўлади ҳамда альдегидлар пайдо бўлиши кузатилади.

“Узоқ муддатда юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ушбу моддалардан ташқари, маҳсулот жуда юқори ҳароратда қовурилиб, “туташ нуқтаси”дан (smoke point) юқорига чиқса, унинг молекуляр тузилиши бузилади ва қўшимча зарарли бирикмалар пайдо бўлади. Шунингдек, нафақат пишириш жараёни, балки маҳсулотни нотўғри сақлаш оқибатида ҳам унинг таркиби бузилиши эҳтимоли мавжуд, яъни ёруғлик ва иссиқлик таъсирида ёғ оксидланиб, аччиқланиши ҳамда ўз сифатини бутунлай йўқотиши мумкин”, – дейди Сардор Забиров.

Мутахассиснинг умумий хулосасида келтирилишича, замонавий технологиялар ёрдамида тўлиқ рафинацияланган ва стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилган ўсимлик мойлари таркибида гексан, бензин каби зарарли кимёвий эритувчилар мутлақо қолмайди.

Асосий хавф маҳсулотнинг таркиби эмас, уни истеъмол қилиш ҳамда ошхонада ишлатиш маданиятига бориб тақалади. Соғлиқни асраш учун ўсимлик ёғини сақлаш қоидаларига амал қилиш, уни ёруғлик ва иссиқликдан узоқроқ тутиш ҳамда энг муҳими, ишлатилган ёғни қайта-қайта қиздириб, қовуриш ишлари учун ундан қайта-қайта фойдаланмаслик лозим.

Реклама ҳуқуқи асосида

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш