АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ортидан Яқин Шарқда кескинлик кучайишда давом этаётган бир пайтда Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия қўшма мудофаа пактини имзолади.

«Макка қўшма мудофаа келишуви» (Mecca Joint Defence Agreement) деб номланган ушбу битим 7 август куни муқаддас Макка шаҳрида – Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва бош вазири Муҳаммад бин Салмон ҳамда Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан имзоланди.

Ҳамкорларнинг таъкидлашича, ушбу пакт – учаласидан бирортасига қилинган қуролли ҳужум барчага қилинган ҳужум деб баҳоланишини белгилайди. Бу орқали ҳар қандай тажовузкор ҳаракатга қарши жамоавий тийиб туришни таъминлаш мўлжалланган.

Ушбу битим бош вазири Шаҳбоз Шариф Покистоннинг қудратли армияси раҳбари Асим Мунир ҳамроҳлигида Маккада Умра зиёратини адо этганидан бир кун ўтиб имзоланди. Туркия президенти ҳам жума куни валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан учрашиш учун қиролликка келганди.

Нега айнан ҳозир?

Al Jazeera'нинг ёзишича, Анқара, Ар-Риёд ва Исломобод ўртасидаги мудофаа келишуви устида бир мунча вақтдан бери ишланаётган эди. Музокаралар 2023 йил октябрда Ғазода Исроил геноциди бошлангандан сўнг дарҳол бошланган. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши олиб бораётган уруши эса музокараларни жадаллаштирди.

Жорий йил 19 март куни Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари Ар-Риёдда учрашиб, қўшма хавфсизлик келишуви қандай бўлиши мумкинлигини муҳокама қилишганди. Ушбу учрашувдан олдин, 2025 йил сентябрида Покистон ва Саудия Арабистони ўзаро мудофаа келишувини ҳам имзолаган эди. Бу келишув 2025 йил 9 сентябрда Исроилнинг Қатар пойтахти Доҳага қилган ҳужуми ортидан қабул қилинган.

2026-08-07 21.14.41
Фото: AP Photo

Эрондаги уруш бошлангач ҳозирча Туркия ва Покистон минтақадаги кескинликдан тўғридан-тўғри зарар кўрмади. Аммо, АҚШнинг ҳарбий объектлари ва инфратузилмасига мезбонлик қилувчи Саудия Арабистони Эрон ва унинг иттифоқчилари ҳужумига учради.