Ўзбекистон | 09:40
475
2 дақиқада ўқилади

Гиёҳвандлик воситалари устидан давлат назорати кучайтирилади

Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш устидан давлат назорати кучайтирилмоқда. Ҳукумат қарори билан мазкур маҳсулотлар учун сертификат беришнинг янги тартиби тасдиқланди.

Ҳукуматнинг 2026 йил 2 июлдаги 359-сон қарори билан “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни олиб кириш, олиб чиқиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Мазкур низом гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни Ўзбекистонга олиб кириш ва мамлакатдан олиб чиқишда рухсат берувчи ҳужжат — сертификатни расмийлаштириш тартибини белгилайди. Унинг асосий мақсади ушбу соҳада давлат назоратини кучайтириш ва қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашдан иборат.

Низомга мувофиқ, сертификатдан фақат бир марта фойдаланиш мумкин бўлиб, унинг амал қилиш муддати бир йил этиб белгиланган.

Сертификат олиш учун ариза берувчида гиёҳвандлик воситалари муомаласи билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия мавжуд бўлиши, гиёҳвандлик воситаларини олиб кириш ва олиб чиқишда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиниши ҳамда тақдим этиладиган маълумотларнинг ишончлилиги таъминланган бўлиши лозим.

Аризани кўриб чиқиш ва сертификатни расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази аризаларни қабул қилинган кундан бошлаб 30 иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқади ҳамда сертификат беради ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Шунингдек, берилган сертификатлар реестри “Лицензия” ахборот тизимида электрон шаклда юритилади. Ҳар бир сертификатга оид маълумотлар очиқ бўлиб, улардан барча фойдаланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид