ИИВ ТҚД ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамкорлигида 3 август куни Яккасарой ва Чилонзор туманларида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.

Тадбир давомида 1993 йилда туғилган шахс ҳамда муқаддам Жиноят кодексининг 228-моддаси 1 ва 2-қисмлари, шунингдек, 168-моддаси билан судланган 1992 йилда туғилган шахс Яккасарой туманида гашишни «закладка» усулида тарқатаётган вақтда ушланди.

Ҳодиса жойида уларга тегишли Nexia-3 автомобили кўздан кечирилиб, 20 грамм гашиш ёғи аниқланди ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

ИИВ маълумотига кўра, ушланган шахслар 2025 йилдан буён Telegram платформасидаги наркодўконда «омборчи» вазифасида ишлаб келган. Улар ҳар ойда 10 килограммга яқин турли хилдаги гиёҳвандлик воситаларини тарқатиб келгани айтилмоқда.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, гумонланувчиларнинг яшаш манзиллари ҳам кўздан кечирилди. Натижада 2 килограмм гашиш ёғи, шунингдек, марихуана ва гашиш, изоленталар ҳамда гиёҳвандлик воситаларини тарқатишда фойдаланиладиган бошқа ашёлар аниқланди.

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган амалиёт натижасида жами 2 килограмм 170 грамм, яъни 10 минг 700 дозага тенг гиёҳвандлик воситалари муомаладан олиб қўйилди.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.