Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент атрофида янги «яшил белбоғ»лар барпо этилади
Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда «Яшил белбоғ» лойиҳасининг навбатдаги босқичи амалга оширилади. Унга мувофиқ, янги яшил ҳудудлар барпо этилиб, иқлимга мос, қурғоқчиликка чидамли дарахт ва бута кўчатлари экилади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри атрофида «яшил белбоғ»лар ташкил этиш ҳамда йўл ёқаларида табиий ўсиб чиққан дарахт ва бута ниҳолларини сақлаб қолиш юзасидан билдирилган фикрлар ўрганилган.
Қайд этилишича, президентнинг фармон ва қарорларига мувофиқ, 2022–2026 йилларда Тошкент шаҳрида 1 миллион 350 минг тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилган. 2025–2026 йилларда эса пойтахт ва унга туташ ҳудудларда Бектемир туманида 38 минг, Тошкент туманида 20 минг, Янгиҳаёт туманида 2,1 минг ва Қибрай туманида 100 минг туп дарахт экилган. Шунингдек, 4Р–21 автомобил йўли ёқасида ҳам 2 мингдан зиёд манзарали дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилган.
2026–2027 йилларда Янгиҳаёт туманида 21,21 гектар, Сергели туманида 6,81 гектар, Бектемир туманида 40,1 гектар ҳамда Чирчиқ дарёсининг Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Бектемир туманлари ҳудудидан ўтувчи қисми бўйлаб 100 гектар майдонда янги «яшил белбоғ»лар ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, президентнинг 2026 йил 25 мартдаги фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва вилоятида ботаника ҳамда дендрология боғларини ташкил этиш учун жами 385,3 гектар ер майдони ажратилади. Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида эса пойтахтда умумий майдони 139,6 гектар бўлган тўққизта янги жамоат боғини барпо этиш белгиланган.
Экология қўмитаси маълумотига кўра, «Яшил белбоғ» лойиҳаси доирасида 2045 йилга қадар Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда камида 58 минг гектар майдонда интенсив ҳимоявий ўрмонзорлар ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун 50 миллион тупдан кам бўлмаган иқлимга мос, қурғоқчиликка чидамли ва чангни яхши ушлаб қолувчи дарахт ҳамда бута кўчатлари экилиб, уларнинг яшовчанлигини 85 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Масъуллар таъкидлашича, «яшил белбоғ» лойиҳаси фақат кўчат экиш билан чекланмайди. Унинг доирасида яшил ҳудудларнинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш, сув тежовчи суғориш тизимларини жорий этиш, ҳаво сифати ва яшиллик қопламини мунтазам мониторинг қилиш, шунингдек, йўл ёқаларида табиий ўсиб чиққан дарахт ва бута ниҳолларини сақлаб қолиш чоралари ҳам амалга оширилади.
Мавзуга оид
14:23 / 14.07.2026
Собиқ онкология шифохоналари ҳудуди ҳозир қанақа ҳолатда?
23:44 / 21.06.2026
Британияда Робин Гуднинг машҳур 1200 йиллик дарахти қуриб қолди
13:40 / 20.05.2026
Тошкент шаҳар ҳокими дарахтлар кесилишига муносабатини айтди
09:22 / 06.05.2026