Олий таълим вазирлиги хабарига кўра, давлат олийгоҳларининг бакалавриат кундузги таълим шаклига 155 минг 852 нафар абитуриент қабул қилинади.
Қабул ўринларининг асосий қисми ўзбек тилига ажратилган:
ўзбек тилида — 130 843 та;
рус тилида — 19 341 та;
қорақалпоқ тилида — 4 888 та;
қозоқ тилида — 335 та;
тожик тилида — 315 та;
қирғиз тилида — 75 та;
туркман тилида — 55 та.
Давлат комиссияси айрим тоифадаги фуқаролар учун алоҳида грант квоталарини ҳам тасдиқлади. Жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча 2 фоизлик давлат гранти;
етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун 1 фоизлик грант;
ички ишлар органлари ходимлари фарзандлари учун 5 фоизлик грант;
божхона органлари ходимлари фарзандлари учун 2 фоизлик грант;
«Ижтимоий реестр»га киритилган оилалар фарзандлари учун 10 фоизлик грант квоталари ажратилди.
Шунингдек, Қуролли Кучлар ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари фарзандлари учун давлат грантлари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб тавсияномага эга фуқаролар учун алоҳида 5 фоизлик қабул кўрсаткичлари ҳам тасдиқланди.
2026/2027-ўқув йилида камида беш йиллик меҳнат стажига эга аёллар учун 2 500 та алоҳида тўлов-контракт ўрни ажратилди.
Бундан ташқари, хотин-қизлар учун кундузги таълим шаклига қўшимча 4 мингта давлат гранти ажратилади.
Олий малака тоифасига эга мактаб ўқитувчилари учун педагогика магистратурасига масофавий таълим шаклида мақсадли қабул ҳам давом эттирилади.
Шунингдек, бакалавриатнинг кечки таълим шакли учун ҳам қабул параметрлари тасдиқланди. Кечки таълимга 28 минг 942 нафар абитуриент қабул қилинади.







