Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари ҳамда нархлари юзасидан ўрганиш бошлади. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда йирик такси агрегатори фаолиятида кузатилаётган техник носозликлар ортидан рақобатчи агрегаторларда ҳам тиғиз вақтларда такси нархлари бир неча баробаргача ошган. Бу жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган.

Қўмита ўрганиш давомида нархлар ошишининг асосли эканига ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилаётганига алоҳида эътибор қаратилишини билдирган.

Шу муносабат билан такси агрегаторларидан нархларни шакллантирувчи алгоритм созламаларини қайта кўриб чиқиш, нархларнинг кескин ва сунъий ошишининг олдини олиш сўралган.

Бундан ташқари, агрегаторлар ҳайдовчиларнинг маблағларини ўз ҳисобларига ўтказишдаги носозликларни бартараф этиши, асоссиз блокланган ҳайдовчиларни блокдан чиқариш чораларини кўриши ҳамда бажарилган буюртмалар учун назарда тутилган барча бонусларни қайта ҳисоблаб, тўлаб бериши лозимлиги қайд этилган.

Қўмита рақобатчиларга нисбатан инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик, ҳайдовчилар ва истеъмолчилар учун сутка давомида ишлайдиган техник ёрдам марказларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш зарурлигини ҳам билдирган.

Идора маълумотига кўра, ўрганиш натижасида рақобат қонунчилиги бузилгани ёки истеъмолчилар ҳуқуқлари поймол этилгани аниқланса, белгиланган тартибда текширув ўтказилиб, тегишли чоралар кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, 11 октябр куни Россиянинг Владимир шаҳридаги Yandex дата-маркази дронлар ҳужумидан кейин фаолиятини тўхтатгани ҳақида хабар берилганди. Ўша куни Ўзбекистонда ҳам Yandex Gо хизматида бир неча соатлик узилишлар кузатилган.

Spot’нинг ёзишича, Yandex Go’даги узилишлар ортидан 11–13 октябр кунлари бошқа такси агрегаторларига талаб кескин ошган. Uklon’нинг Ўзбекистондаги бош директори Эдуард Ковтун буюртмалар одатдагидан 2–3 баравар кўпайганини билдирган. MyTaxi бошқарувчи ҳамкори Алексей Шитов эса буюртмалар сони ўртача 15 баравар, линиядаги ҳайдовчилар сони 3 баравар ошганини маълум қилган.