20 июлга ўтар кечаси 2026 йилги жаҳон чемпионати якунига етди. Аргентиналиклар нафақат мағлубият туфайли, балки бу Лионел Мессининг сўнгги жаҳон чемпионати бўлганидан ҳам қайғуга ботишди.

Месси 39 ёшида ҳам катта турнирни жуда кучли ўтказди, лекин якунда ўзининг «Барселона»даги вориси Ламин Ямалга чемпионликни бой берди.

Ўйин тақдири 90-дақиқада Энцо Фернандеш қизил карточка олганидан кейин амалда ҳал бўлди, аргентиналиклар таркиблар сон жиҳатдан тенглигида ҳам пассив ўйнаётганди, испанлар эса сон жиҳатдан устунликни ҳисобдаги устунликда акс эттирди.

Ўйин амалда бир дарвоза томон кечди: Испания ўйин давомида 20 марта зарба берди, шундан 12 таси дарвоза соҳасига тўғри борди ва фақат дарвозабоннинг сейвлари аргентиналикларни йирик ҳисобдаги мағлубиятдан қутқариб қолди. Аргентина эса фақат қўшимча бўлимлар охирида, 0:1 ҳисобида ортда бораётганида дастлабки зарбасини йўллади, бу ҳолдаям Месси тепган тўпни Микел Мерино юзи билан тўсиб қолди, жамоа 120 дақиқа давомида бирорта аниқ зарба бера олмади.

Ўйиндан кейин эса аргентиналиклар мағлубият аламига чидай олишмади: ўйин давомида қўполлик қилиш билан шуғулланган Паредес ҳакамларнинг кўз ўнгида аввалига Эрик Гарсиянинг бўйнидан бўғди, кейин эса Гавини уриб йиқитди.

Испания ўз тарихида иккинчи чемпионликни расмийлаштирди ва бу борада Франция ҳамда Уругвай билан тенглашиб олди. Аргентина ҳисобидаги титуллар сони учталигича қолди.

Шу куни ЖЧ тарихида илк бор биринчи бўлимдан кейин катта танаффус юзага келди: жамоалар одатдаги 15 дақиқа ўрнига 27 дақиқа кийим алмаштириш хонасида қолишди. Бу вақтда эса газонга Мадонна, BTS, Тед Лассо образидаги Жейсон Судекис, Жастин Бибер ҳамда Шакира каби юлдузлар чиқиб келиб, мухлислар учун концерт қўйиб беришди.

Умуман, ўйин шоу билан бошланиб, шоу билан давом этди.

Қуйида финал ўйинининг асосий лаҳзалари акс этган суратлар.