Европа Иттифоқида Европа мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши керак бўлган юқори даражадаги экспертлар гуруҳини тузиш режаси амалга ошмайдиган бўлди.

dpa агентлиги маълумотига кўра, ЕИ ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Кая Каллас 7 сентябрга режалаштирилган гуруҳ тақдимотини «сўнгги лаҳзада» бекор қилган.

Брюсселдаги ЕИ расмийларидан бири агентликка айрим аъзо давлатлар ҳозирги шароитда бундай гуруҳни ташкил этишни мақбул қадам деб ҳисобламаганини билдирган.

ЕИ мамлакатлари мудофаа вазирлари билан ўтказилган музокаралардан сўнг айнан шу ташаббусни давом эттирмасликка қарор қилинган.

Dpa маълумотига кўра, экспертлар гуруҳини ташкил этишга, хусусан, Германия ва Италия ҳукуматлари қарши чиққан.

Гуруҳга Украина ҳам киритилиши керак эди

Режага кўра, янги экспертлар гуруҳига Кая Каллас раҳбарлик қилиши ва у Европанинг ҳарбий салоҳиятидаги мавжуд бўшлиқларни қандай қилиб тезроқ ҳамда самарали бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши керак эди.

Гуруҳ ўз фаолияти якунлари бўйича аниқ тавсияларни ўз ичига олган ҳисобот тақдим этиши режалаштирилган.

Унинг таркибига Европа Иттифоқининг бир қатор мамлакатларидан юқори мартабали сиёсатчилар ва ҳарбийлар, шунингдек, Буюк Британия ва Украина вакилларини киритиш кўзда тутилган эди.

Гуруҳ аъзолари 7 сентябр куни эрталаб махсус тадбирда расман таништирилиши керак бўлган.

Каллас 1 сентябр куни Ирландиянинг Уиклоу шаҳрида ЕИ мудофаа вазирларининг норасмий учрашувидан кейин Украина Европа мудофаа имкониятларини кучайтиришга қаратилган ечимларни ишлаб чиқиш жараёнига жалб этилишини маълум қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, Киев юқори мартабали сиёсатчилар ва ҳарбийлардан иборат янги гуруҳга ЕИ мамлакатлари ҳамда Буюк Британия билан бирга кириши керак эди.

Каллас Украина жанг майдонида катта тажриба тўплаганини таъкидлаб, мамлакатни ҳарбий инновациялар бўйича «жаҳон етакчиси» деб атаган.

Германия НАТО доирасидаги режалаштиришга устуворлик бермоқда

Dpa манбалари экспертлар гуруҳи тузилишига Германиянинг қаршилиги ортида ваколатлар ва ҳарбий режалаштириш механизмлари билан боғлиқ келишмовчиликлар ҳам бўлиши мумкинлигини қайд этмоқда.