Самарқанд вилояти Жомбой туманида жойлашган Мингтепа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган археологик тадқиқотлар натижасида VIII асрнинг биринчи ярмига мансуб бўлган эҳтимолий ҳукмдорлар саройи мажмуасининг меъморий қолдиқлари аниқланди.

Қазишма ишлари Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти илмий ходимлари Амриддин Бердимуродов, Ҳусниддин Раҳмонов ва Нигора Маҳкамова томонидан амалга оширилмоқда.
Тадқиқотлар давомида ёдгорликнинг Арк (қалъа) қисмида жойлашган сарой мажмуасининг меъморий тузилиши очиб берилган. Археологлар фикрича, иншоотнинг қурилиш услуби илк ўрта асрлар даври шаҳарсозлиги, меъморчилиги ҳамда давлат бошқаруви тизимини ўрганиш учун муҳим илмий манба ҳисобланади.

Қазишмалар жараёнида саройнинг зал қисмида VIII асрга оид ҳайкалтарошлик намуналари ҳам топилган. Ҳозирда ушбу топилмалар юзасидан илмий тадқиқотлар давом эттирилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги археологик топилмалар Мингтепа ёдгорлигининг сиёсий ва маданий ҳаёти, шунингдек, илк ўрта асрларда ҳудуднинг тарихий тараққиёти ҳақида янги илмий хулосалар чиқариш имконини беради.












