Хусусан, мамлакатимизда ҳам Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан йирик саноат лойиҳаларидан бири – Ўзбекистон технологик металлар комбинатининг TMK Chemicals лойиҳаси ишга тушади. Лойиҳа Навоий вилояти Кармана туманида (ҳудуди 6 гектар) барпо этилаётган замонавий сульфат кислота ишлаб чиқариш корхонасидир.

Корхона йилига 500 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, нафақат ички эҳтиёжни таъминлаш, балки тоғ-кон ва металлургия саноати учун узлуксиз хомашё базасини шакллантириш, импорт ўрнини босиш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Сульфат кислота нега муҳим маҳсулот?

Сульфат кислота дунёда энг кўп ишлаб чиқариладиган саноат кимёвий маҳсулотларидан бири ҳисобланади. Ҳатто айрим иқтисодчилар мамлакат саноатининг ривожланиш даражасини сульфат кислота ишлаб чиқариш ҳажми орқали ҳам баҳолашади.

У қуйидаги йўналишларда асосий реагент ҳисобланади:

  1. уран қазиб олиш ва қайта ишлаш;

  2. рангли ва нодир металларни бойитиш;

  3. гидрометаллургия;

  4. минерал ўғитлар ишлаб чиқариш;

  5. кимё саноатининг ўнлаб йўналишлари.

Электр транспорти, қайта тикланувчи энергетика ва критик минералларга талабнинг ортиши сульфат кислотага бўлган глобал эҳтиёжни ҳам изчил ошириб бормоқда.

Замонавий технологиялар асосидаги лойиҳа

Лойиҳанинг умумий қиймати 54,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Қурилиш ишлари дунёнинг етакчи инжиниринг компанияларидан бири – CITIC Construction билан амалга оширилмоқда.

Корхонада техник олтингугурт замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, юқори тозаликдаги сульфат кислота ишлаб чиқарилади. Тўлиқ автоматлаштирилган ишлаб чиқариш тизими иссиқлик ва газ оқимларидан максимал фойдаланиш имконини бериб, энергия самарадорлигини оширади ҳамда экологик хавфсизликни таъминлайди. Шунингдек, корхона йилига 152 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.