Украина президенти Володимир Зеленский 4 сентябр, жума куни кечки видеомурожаатида АҚШ вакилларининг Москвага ташрифи давомида Россияга ҳаводан зарбалар беришда танаффус қилинишини айтди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер 5 сентябр куни Москвага ташриф буюради. Кейинги куни эса улар Киевга бориши кутилмоқда.

Украина раҳбари АҚШ томонининг аввалги дипломатик ташрифлари пайтида бўлгани каби, бу сафар ҳам музокарачиларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун шароит яратилишини таъкидлади.

«Аввалги Америка дипломатик ташрифлари вақтида бўлгани каби, музокарачилар хавфсиз етиб келиши учун Россия ҳаво ҳудудининг нормал ишлашини таъминлаймиз», деди Зеленский.

Унинг таъкидлашича, Украина томонидан бу вақтда ҳаво зарбалари амалга оширилмайди. Зеленский бундай қарор Россия манфаатлари учун эмас, балки АҚШ вакилларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинаётганини билдирди.

ОАВ 5–8 сентябр кунлари «тинчлик режими» жорий этилиши ҳақида ёзди

«Украинская правда» нашрининг бир нечта йўналишдаги ҳарбий бригадалардаги суҳбатдошлари ҳамда куч тузилмаларидаги юқори мартабали манбага таяниб хабар беришича, Украина Қуролли кучларига 5 сентябр соат 00:00 дан 8 сентябр соат 23:59 гача «тинчлик режими»га риоя қилиш бўйича кўрсатма берилган.

Бироқ бу маълумот Украина расмийлари томонидан ҳозирча тасдиқлангани йўқ.

«РБК-Украина» агентлиги ҳам Киев дипломатик учрашувлар ўтадиган даврда ҳаво зарбаларини ўзаро тўхтатиш бўйича Москвага таклиф юборганини хабар қилди. Манбага кўра, Украина ҳозир Россия томонининг жавобини кутмоқда.

The New York Times манбалари эса Вашингтон ҳам Киев, ҳам Москвадан Трамп вакилларининг ташрифи давомида жанговар ҳаракатларда танаффус қилишни сўраганини билдирган.

Шу билан бирга, фронт бўйлаб 5–8 сентябр кунлари тўлиқ ўт очишни тўхтатиш режими жорий этилиши ҳақидаги хабарлар билан Зеленский расман эълон қилган Россияга ҳаво зарбаларини бермаслик ниятини фарқлаш лозим. Биринчиси ОАВ манбаларига асосланган ва расман тасдиқланмаган, иккинчиси эса Украина президенти томонидан очиқ эълон қилинган.

Уиткофф ва Кушнер янги тинчлик таклифини олиб боради