Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси хорижда қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларни ҳимоя қилиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.

Маълум қилинишича, элчихона дипломатлари, “Артур Грабовски” адвокатлик бюроси ҳамда Полша Чегара хизмати билан ўтказилган музокаралар натижасида наманганлик фуқаро И.М. муддатидан аввал шартли равишда озод қилинди.

У Полшада ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисасини содир этгани учун ушбу мамлакат Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ судланиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Элчихона томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар ҳамда Европа Иттифоқининг Чегара ва соҳил хавфсизлиги агентлиги (Frontex) кўмагида фуқаро учун «Варшава–Тошкент» йўналиши бўйича авиачипта харид қилинди.

Барча зарур расмийлаштирув ишлари якунлангач, Ўзбекистон фуқаросининг Полшадан чиқиб кетиши ташкил этилди ва у соғ-саломат ватанга қайтарилди.