DW нашрининг Der Spiegel’га таяниб ёзишича, ушбу иш доирасида 12 октябр куни Германиянинг Нюртинген шаҳрида ушланган икки Туркия фуқароси — 38 ёшли Умит Э. ва 34 ёшли Муслим Т. гуруҳ аъзолари бўлиши ёки унинг топшириқларини бажарган бўлиши мумкин.
Журналга бир нечта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилма вакиллари шу мазмунда маълумот берган. Штутгарт Олий ер суди ушланганларни Полшага экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда.
Der Spiegel эҳтимолий Россия алоқасини гуруҳнинг тахмин қилинаётган етакчиси Бератжан Гёкдемир билан ҳам боғлаган. У 2024 йилда Россияда ушланган, аммо Туркиянинг экстрадиция талабига қарамай, Анқарага топширилмаган.
Нашр маълумотига кўра, Германия махсус хизматлари Москва унга жавоб хизматлари эвазига ҳимоя тақдим этган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Гёкдемирнинг ҳозир қаердалиги маълум эмас.
Варшавадан қарийб 50 километр узоқликдаги Воля-Кробовска қишлоғида жойлашган Starlink станцияси 23 сентябр куни ўт қўйиш оқибатида шикастланган. Ёнғин электр подстанцияси ва генераторни қамраб олган. Bild маълумотига кўра, станция қисқа вақт ишламай қолган, кейин фаолияти тикланган. Ҳодисада ҳеч ким жароҳатланмаган.
Полша расмийлари ёнғиндан кейин диверсияга уриниш ҳақида билдирган. Бироқ Россиянинг бевосита алоқадорлигини кўрсатувчи далиллар ўша пайтда мавжуд эмаслиги ҳам қайд этилган.
13 октябрда тергов доирасида яна икки киши, жумладан, бир аёл ушланган. RMF FM радиостанцияси маълумотига кўра, аёлни қўлга олиш учун Берлинда антитеррор операцияси ўтказилган. Дастлабки тахминга кўра, у гумонланувчиларга транспорт ва бошқа ташкилий ёрдам кўрсатган бўлиши мумкин.
















