Ўзбекистон Марказий банки республиканинг барча ҳудудлари бўйича жами 5,8 минг респондент иштирокида 2026 йил I ярим йиллиги учун аҳоли қарз юки даражасини аниқлаш бўйича сўровнома ўтказди.
Аҳоли қарз юки даражасини баҳолашда респондентларнинг банк ва банкдан ташқари ташкилотлар олдидаги мажбуриятлари инобатга олинган.
Жами респондентларнинг 77 фоизи ўзи ёки оила аъзоларидан бирида банк ва банкдан ташқари қарз мажбуриятлари мавжудлигини қайд этган. Респондентларнинг 68 фоизи банкдан қарз мажбуриятига эга бўлиб, уларнинг ҳар бешдан бирида банкдан ташқари қарз мажбуриятлари ҳам мавжуд.

Қарздор респондентларнинг жами мажбуриятлари бўйича ўртача қарз юки даражаси (банк ва банкдан ташқари қарз мажбуриятлари бўйича жами ойлик тўлов миқдорининг жами асосий ва қўшимча ойлик даромадларга нисбати) 51 фоизни ташкил этади. Медиана кўрсаткичи эса 47 фоизга тўғри келди.
Қарз юки тақсимоти бўйича респондентларнинг 47 фоизида қарз юки даражаси 50 фоиздан юқори даражада шаклланган. Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра 1 фоиз бандга пасайган, яъни аҳоли қарз юки даражасида бироз яхшиланиш кузатилган.

Сўровнома иштирокчиларининг катта қисми асосий меҳнат фаолияти бўйича оилавий ўртача ойлик даромади 12 млн сўмгача эканини қайд этган.

19 фоиз респондент қўшимча даромад манбайига эга эканини билдирган. Уларнинг 58 фоизида 4 млн сўмгача бўлган қўшимча ойлик даромади мавжуд.

Қарз маблағларининг 20 фоизи уй-жой сотиб олиш ёки таъмирлаш, 18 фоизи автомобил ҳарид қилиш мақсадида жалб қилинган. Шунингдек, қарз мажбуриятига эга респондентларнинг 8 фоизи мавжуд қарзни сўндириш учун қарз жалб қилганини қайд этишган.
Жами респондентларнинг 68 фоизида барча қарз мажбуриятлари бўйича ойлик тўлов миқдори 6 млн сўмдан кам суммани ташкил этмоқда.
Респондентларнинг 48 фоизи қарз мажбуриятлари бўйича тўлов муддати 3 йилдан кам қолаётганини билдиришган. Қарз мажбуриятлари бўйича қолган тўлов муддати 5 йил ва ундан ортиқ дея таъкидлаган респондентларнинг улуши 27 фоизни ташкил этган.

Респондентларнинг 61 фоизи қарз мажбуриятларини ўз вақтида қайтаришда қийинчиликларга дуч келаётганини маълум қилишган. Шунингдек, қарз мажбурияти мавжуд респондентларнинг 47 фоизи кейинги 6 ой давомида тўлов қобилиятининг яхшиланишини, 42 фоизи ўзгариш бўлмаслигини кутмоқда.

Жами респондентларнинг 71 фоизи кейинги 6 ой давомида ўзи ёки оила аъзолари томонидан қўшимча қарз олишга эҳтиёжи йўқлигини билдирган.











