Ташриф Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан фуқароларнинг Қўшма Штатларда қонуний ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш ва H-2A мавсумий қишлоқ хўжалиги визалари дастурида иштирок этишини осонлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида ташкил этилмоқда.
Ташриф давомида Ўзбекистон фуқароларини АҚШ қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон томони ва Head Honchos компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш режалаштирилган.
Меморандумда америкалик иш берувчилар талабларига мос кадрларни тайёрлаш, номзодларни касбга ўқитиш ҳамда уларнинг H-2A визаси асосида АҚШда қонуний иш топиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Америка делегацияси ташриф давомида Тошкент шаҳри, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳам бўлади. Компания вакиллари ушбу ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер хўжаликлари ва соҳа вакиллари фаолияти билан танишиши режалаштирилган.
Элчихона маълумотига кўра, H-2A дастури доирасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон фуқароларини АҚШда ишга жойлаштириш тартибларини такомиллаштириш, шунингдек, улар учун хавфсиз ва қонуний мавсумий меҳнат имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.










