Ню-Йоркда ўтказилган йиғилишда ХЖСга аъзо 125 давлатдан 82 таси Хоннинг истеъфосини ёқлаб овоз берди. 13 давлат бунга қарши чиқди, 15 давлат эса бетараф қолди.
Йиғилиш АҚШ ҳудудида ўтказилгани ҳам эътиборга молик. Қўшма Штатлар Халқаро жиноят судини таъсис этган Рим статути иштирокчиси эмас ва аввал ХЖСнинг айрим мансабдор шахсларига қарши санкциялар ҳам жорий қилган.
Карим Хоннинг ўзи Ню-Йоркдаги йиғилишда иштирок эта олмаган. Бунга АҚШ томонидан унга нисбатан жорий этилган санкциялар сабаб бўлгани айтилмоқда.
56 ёшли британиялик ҳуқуқшунос Карим Хон бир йилдан ортиқ вақт олдин ўзига нисбатан жинсий тегажоғлик билан боғлиқ айбловлар пайдо бўлиши ортидан ваколатларини вақтинча топширган эди. У айбловларни инкор қилиб, текширув билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Хонга нисбатан айбловлар қандай пайдо бўлган?
2024 йил май ойида ОАВ ХЖСнинг кадрлар бўлими Карим Хонга нисбатан текширув бошлагани ҳақида хабар берган.
ОАВ маълумотларига кўра, Хоннинг ёрдамчиларидан бири ҳамкасбларига бош прокурор унга нисбатан номақбул хатти-ҳаракатлар қилганини айтган. Шундан сўнг ХЖСнинг ички назорат органи дастлабки текширувни бошлаган.
Бироқ эҳтимолий жабрланувчи ўша пайтда расмий шикоят беришни истамагани сабабли текширув бир неча кундан кейин тўхтатилган.
Кейинчалик аёл ўз қарорини ўзгартириб, Карим Хонга нисбатан айбловларини очиқ равишда баён қилган.
ОАВ маълумотларига кўра, Сара исмли Малайзия фуқароси 2017 йилдан буён Ҳаагадаги судда ишлаган, 2023 йил февралдан эса бевосита Хон раҳбарлиги остида фаолият юритган.
Аёлнинг даъво қилишича, Хон бир неча ой давомида унинг шахсий чегараларини жисмоний ва ҳиссий жиҳатдан босқичма-босқич бузган, кейинчалик эса уни жинсий алоқага мажбурлаган.
У CNN телеканалига берган интервюсида раҳбар ва ходим ўртасидаги катта ваколатлар тафовути шароитида бундай муносабатни ихтиёрий деб ҳисоблаб бўлмаслигини айтган.
Карим Хон эса бу айбловларни рад этади.
Экспертлар далиллар етарли эмаслигини қайд этган
Шу билан бирга, CNN маълумотига кўра, 2026 йил март ойида ХЖС томонидан тузилган суд экспертлари гуруҳи тегишли ҳисоботида мавжуд далиллар Хоннинг номақбул хатти-ҳаракатларини шубҳадан холи даражада тасдиқлаш учун етарли эмаслигини билдирган.















