АҚШ-Эрон бомбардимонларни тўхтатди
Агар АҚШ худди шундай йўл тутса, Эрон ҳам ўз ҳужумларини тўхтатади. Бу ҳақда Эрон юқори мартабали расмийси Reuters агентлиги билан суҳбатда айтиб ўтган.
Исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган эронлик расмий Теҳроннинг позицияси «'ҳужумга жавобан ҳужумʼ бўлиб қолмоқда: агар ҳужумлар тўхтаса, Эрон ҳам ўз операцияларини тўхтатади. Бу хабар АҚШга етказилган», деди.
Шу кунларда президент Трампга ҳам унинг маслаҳатчилари «нишонлар тугаб бораётгани ва АҚШ арсенали камайиб бораётгани»дан хавотир билдиришганди.
Шундан сўнг, АҚШнинг Эронга қарши 13 кеча давом этган шиддатли ҳаво зарбалари жума куни кечқурун тўхтади. Шанба ва якшанба кунлари АҚШ томонидан ҳеч қандай ҳужум қайд этилмади. АҚШнинг ҳар бир тунги ҳужумига жавоб қайтариб келаётган Эрон ҳам ҳозирча ўт очишни тўхтатиб турибди.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Майк Волтс Трамп дипломатияга кўпроқ вақт бериш учун ҳужумларни вақтинча тўхтатишга қарор қилганини айтди. «У музокараларга бироз имконият беряпти, бироз жой ажратмоқда», деди у қўшимча тафсилотларни келтирмасдан.
Исми ошкор этилмаган АҚШ расмийси сўзларига кўра, Эронга қарши йирик ҳарбий операцияларни қайта бошлаш вариант сифатида сақланиб қолмоқда. Бироқ штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Ден Кейн Трампга бу ўқ-дорилар захирасига салбий таъсир кўрсатиши сабаб хавфли эканини уқтирган. Бу хавф — АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳаво мудофааси тизимлари томонидан қўлланадиган тутиб қолувчи ракеталарни ҳам ўз ичига олади.
Исроил Ғазога халқаро кучларни киритмоқчи
Бош вазир Бинямин Нетаняҳу Вашингтонга жўнаб кетишидан бир кун олдин Исроил расмийси — Ғазога кўпмиллатли хавфсизлик кучларининг киришига рухсат беришини айтди.
Reutersʼнинг ёзишича, Нетаняҳунинг хавфсизлик кабинети якшанба куни кучларнинг Ғазога киришига имкон берувчи ҳуқуқий базани тасдиқлади. Нетаняҳу бугун Вашингтонга жўнаб кетиши ва сешанба куни Трамп билан учрашиши кутилмоқда.
Расмийнинг сўзларига кўра, Халқаро барқарорлаштириш кучлари (ISF) деб номланган ушбу миссия Исроил назорати остида бўлмаган ҳудудларда жойлаштириладиган «Уганда ва Марокаш каби дўст мамлакатлар»нинг 200 нафар аъзосини ўз ичига олади. Ҳар бир контингент Ғазога кириши учун Исроилнинг алоҳида розилигини талаб қилади.
Кучларнинг қачон жойлаштирилиши ҳозирча номаълум. Ғазодаги икки йиллик кенг кўламли уруш натижасида секторнинг катта қисми ҳамон вайронагарчилик ҳолатида қолмоқда.
Октябр ойида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгач, Трамп Ғазо учун тинчлик режасини тақдим этди. Ушбу режа ҳуманитар ёрдам ҳажмини кескин ошириш, фаластинлик технократлар томонидан фуқаролик бошқарувини кўзда тутганди.
Аммо режа тўхтаб қолди ва Ғазони бошқариш бўйича Миллий қўмита ташқарида қолмоқда. Исроил сулҳга қарамай ҳудудга зарбалар бермоқда. Ҳамас шу боис қуролсизланишдан бош тортиб келмоқда.
Украина Эрон кемасига зарба берди
Шанба куни Каспий денгизда Эрон тижорат кемасига Украина томонидан қилинган ҳужумдан кейин портлаш содир бўлди. Оқибатда эронлик бир денгизчи ҳалок бўлди ва яна бири яраланди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ўз кемасига қилинган ҳужумни тажовузкорлик ҳаракати деб таърифлади. Шунингдек, Эрон миллий манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилишини айтиб, Киев Украинадаги урушни кенгайтираётганини билдирди.
Расмий Теҳрон «душманона ва жиноий» деб таърифлаган ушбу ҳужумга нисбатан эътироз билдириш учун Украинанинг муваққат ишлар вакилини чақиртирди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи эса Украина ҳужуми «жавобсиз қолиши мумкин эмаслиги»ни айтди.
Арақчи ушбу ҳужум «Европани ўз урушига тортиш учун Исроилнинг топшириғи билан» амалга оширилганини таъкидлади.
Арақчи Эроннинг ушбу позициясини Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас ҳамда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан алоҳида телефон мулоқотларида етказган.
Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ унинг кучлари Каспий денгизида Россия ва Эрон билан боғлиқ ҳарбий кемаларга зарба берганини айтган эди.
Зеленскийнинг даъво қилишича, Россия Яқин Шарқдаги сунъий йўлдош тасвирларини Эронга бермоқда.
Элбрусда 5 алпинист ҳалок бўлди
Россиянинг Элбрус тоғида кучли бўрон остида қолган босниялик беш нафар алпинист ҳалок бўлди. Ноқулай об-ҳаво сабабли уч кишининг жасади ҳали эвакуация қилинмаган.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги дастлаб тоғдан икки алпинистни эвакуация қилган. Шундан сўнг тоғнинг 5 350 метр баландлигидан икки алпинистнинг жасади эвакуация қилинган.
Босниялик алпинистлар гуруҳи расман рўйхатдан ўтган ва унинг аъзолари тоғларга чиқиш тажрибасига эга бўлган. Бироқ Элбрусда об-ҳаво жуда тез ёмонлашган. Шамол тезлиги соатига тахминан 70 километргача кучайган ва қор бўрони бошланган. Айнан оғир об-ҳаво шароити фожианинг асосий сабаби сифатида кўрсатилмоқда.
Алпинистлардан бири пастга тушишга муваффақ бўлиб, 5100 метр баландликда гуруҳнинг икки аъзоси ўзини ёмон ҳис қилгани ва кейинчалик вафот этгани ҳақида хабар берган.
5 642 метр баландликка кўтарилган Элбрус тоғи — Европадаги энг баланд чўққи бўлиб, ноқулай об-ҳаво ва кўтарилиш шароитларининг тўсатдан ўзгариши билан танилган.
Россия-Украина уруши
Якшанба куни эрта тонгда Киев Россия кучларининг баллистик ракета ҳужумига учради. Ўтган кун давомида бошқа ҳудудлар ҳам бомбардимон қилиниши оқибатида камида олти киши ҳалок бўлди.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари ўз ахборотида Россия тунда еттита баллистик ракета ва 136 та дрон учирганини билдирди.
Украина шимолидаги Черниҳив шаҳрида Россия дрони супермаркетга тегиши оқибатида икки киши — жумладан, 9 ёшли бола ҳалок бўлди ва 25 киши тан жароҳати олди. Шунингдек, Ҳаркив, Запорижжя, Славянск ва Киевда ҳам қурбонлар қайд этилди.
Россия томони хабарига кўра, Украина зарбалари оқибатида эса 16 киши ҳалок бўлган.
Хусусан, Россия томонидан босиб олинган Горловка шаҳрида Украина дрони зарбаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган.
Запорижжянинг Россия назоратида бўлган қисмида — дам олиш масканига қилинган дрон ҳужуми оқибатида 12 киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг, Россия томони Украинани тинч аҳолига қасддан ҳужум қилишда айблади.
Россия ҳам, Украина ҳам 2022 йилда бошланган урушда тинч аҳолини нишонга олганини инкор этади. Шунга қарамай икки томонда ҳам минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлмоқда.
Аргентина ва Бразилия президентлари можароси
Аргентина президенти Бразилия президентини ҳақорат қилиб, уни «ўғри» ва «судланган» деб атади.
Хавиер Милей бу фикрларни якшанба куни Бразилияга келиб, президентликка ўнг қанот номзод — Флавио Болсонаронинг кампаниясини қўллаб-қувватлаш митингида билдирди.
Хавиер Лула да Силванинг исмини очиқчасига тилга олмади. У Болсонаро билан бирга сўзлаётиб, айнан у «Лулани тўхтата оладиган» ягона шахс эканини қўшимча қилди.
Кейинроқ расмийлар Аргентина етакчиси – Бразилия ҳукуматини, унинг халқини ва демократиясини ҳақорат қилганини билдирди ва элчисини чақириб олди.
Якшанба куни кечроқ сўзлаган Луланинг ўзи эса «ҳеч кимнинг аралашувисиз» раҳбарлик қилишда давом этишини таъкидлади.
Флавио Болсонаро — Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонаронинг ўғли ҳисобланади. Жаир Болсонаро эса Лулага сайловда ютқазганидан сўнг давлат тўнтаришини режалаштиргани учун 27 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Аргентина президенти Хавиер социалист Лулани ёмон кўради ва уни олдин ҳам ҳақорат қилганди. Хавиер, шунингдек, дўсти Болсонаронинг судланишига раҳбарлик қилган Бразилия Олий суди судясини ҳам «кал ахлат» деб ҳақоратлади.
Лула 2018 йилда йирик коррупция ва порахўрлик жанжали бўйича қамалганди. Кейинчалик оқланиб, озодликка чиққан ва 2021 йилдаги президентлик сайловларида амалдаги президент Жаир Болсонарони мағлуб этганди.










