Президентнинг тегишли қарорлари билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси () раҳбарияти ўзгарди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Аҳадхон Икромжонович Исоқжонов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Шу билан бирга, Дадажон Айнақулович Исақулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан мазкур лавозимдан озод этилди. У 2025 йил ноябридан буён «Ўзэнергоинспекция»га раҳбарлик қилаётганди. Ундан олдин турли йилларда «Ўзбекэнерго» раиси ўринбосари, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бошлиғи, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси каби лавозимларда ишлаган.

Аҳадхон Исоқжонов 1978 йилда Наманган вилоятида туғилган, 2002 йилда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини, 2010 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини ҳамда 2023 йилда Тошкент кимё-технология институтини (сиртқи) тамомлаган.
Мазкур тайинловга қадар у Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Бундан аввал эса «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринбосари – бош муҳандиси вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида фаолият юритган.











