Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлат раҳбари сўнгги ўн йилда энергетика соҳасида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Қонун ва қарорлар қабул қилиниб, соҳада хусусий сектор ва хорижий инвесторлар учун йўл очилди.

Президент инвесторлар билан бир неча бор шахсан учрашиб, уларнинг таклифларини эшитганини қайд этди. Ҳар бир йирик лойиҳани амалга ошириш учун шароит яратилиб, зарур кафолатлар берилди.

Натижада энергетика соҳасига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди, жойларда 9,5 гигаваттли электр станциялари ишга туширилди. Шу тариқа генерация бўйича ички эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган қувватлар яратилди.

Сўнгги йилларда электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ва газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш учун 30 триллион сўм ажратилди. Бу олдинги 25 йилда йўналтирилган маблағдан 6 карра кўп.

“Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!” – деди Шавкат Мирзиёев.

Мазкур йиғилиш энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Ўзэнергоинспекция” раиси Дадажон Исақулов истеъфолари фонида бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда маълум қилинишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси Асроржон Асқаров ҳам тизимдаги жиддий камчиликлар учун ишдан олинган. У 2024 йил декабридан бери бу лавозимда ишлаб келаётган эди.

“Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланди. Натижа бўлмаса, улар ҳам ишдан кетиши ҳақида огоҳлантирилди.

Янги энергетика вазири Шерзод Хўжаев, “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг янги раҳбари Сардор Исақулов ва Энергия инспекциясининг янги бошлиғи Ахад Исоқжонов бугундан янгича иш услубини жорий қилиши шартлиги таъкидланди.

"Одамлар ҳам, тадбиркорлар ҳам тизимга масъул раҳбарларнинг ҳозирги ишидан мутлақо норози" - Президент