АҚШ-Саудия ядровий келишуви

АҚШ Энергетика вазирлиги чоршанба куни Саудия Арабистони билан фуқаролик ядро энергетикаси бўйича тарихий келишувга эришилганини эълон қилди. AP1000 реакторларини қуриш бўйича ўнлаб миллиард долларга тенг келишув 30 йил давомида амалга оширилади ва АҚШ компанияларига катта фойда олиб келиши кутилмоқда.

Ушбу келишув Саудия Арабистонига Америка технологияларидан фойдаланган ҳолда ядровий реакторлар қуриш, уранни бойитиш ва ядровий чиқиндиларни қайта ишлашга рухсат беради. Бу жараёнлар эса ядро қуролини яратишнинг потенциал йўлидир. БАА 2009 йилда АҚШ билан шунга ўхшаш шартнома имзолаганда, уранни бойитиш ва ядровий чиқиндиларни қайта ишлаш ҳуқуқидан воз кечишга мажбур бўлганди.

АҚШ Энергетика вазирлиги ахборотида айтилишича, томонлар икки томонлама кафолатлар тўғрисидаги битим билан бирга «1 2 3 келишуви» номи билан танилган пактни имзолади. Оқ уйга кўра, келишув АҚШнинг қуролларни тарқатмаслик шартларига ҳам амал қилади.

Шартнома энди Конгрессга кўриб чиқиш учун юборилади. Агар Конгресс 90 сессия куни ичида келишувга қарши овоз бермаса, битим кучга киради. Бироқ президент ветосини бекор қилиш учун камида учдан икки қисм кўпчилик овози талаб этилади.

Саудия Арабистони билан фуқаролик ядровий келишуви Трампнинг биринчи даврида ва Байден даврида ҳам муҳокамада эди. Бироқ шу вақтгача ҳеч қандай шартнома имзоланмаган. Бунга қисман қуролларни тарқатмаслик тарафдори бўлган гуруҳларнинг огоҳлантиришлари сабаб бўлган.

Ҳозир ҳам айрим ядровий соҳа экспертлари, исроиллик ва америкалик сиёсатчилар ушбу битимга қарши овоз беришга чақирмоқда.

Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон қироллик ядро қуролига эга бўлишни хоҳламаслигини билдирган. Аммо МБС, агар Эрон бундай қурол яратса, Саудия ҳам шундай қилишини бир неча бор очиқ таъкидлаган.

Ҳиндистонда «Тараканлар»нинг намойишлари

Ҳиндистонда сўнгги ҳафталарда «Cockroach Janta Party» — «Тараканлар халқ партияси» номи остида бирлашган минглаб «Z авлод» ёшлари ҳукуматга қарши намойишлар ўтказмоқда.

Ҳаракат май ойида ҳазил тариқасида бошланган эди: Ҳиндистон бош судяси Суря Кант суд мажлисида ҳукумат танқидчилари ва ишсиз ёшларни «тараканлар»га ўхшатди. Шундан сўнг Бостон университети талабаси Абҳижет Дипке ижтимоий тармоқда «агар барча тараканлар бирлашса-чи?» деган чақириқ билан чиқди. Ғоя тез орада миллионлаб издошни бирлаштириб, жиддий сиёсий ҳаракатга айланди.

Ҳозирги намойишларнинг бевосита сабаби эса — тиббиёт институтларига қабул имтиҳони саволлари сотилиши ҳақидаги жанжаллар. Бу миллионлаб талабани имтиҳонни қайта топширишга мажбур қилган. Намойишчилар дастлаб таълим вазирининг истеъфога чиқишини талаб қилди, кейинроқ эса талаблар бош вазир Модини ҳам қамраб олган.

20 июл куни Ҳиндистон парламент биноси томон ўтказилган юришда полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва таёқлардан фойдаланди. Тўқнашувларда 180 га яқин киши, жумладан, 118 нафар хавфсизлик ходими жароҳат олган. Ҳукумат намойиш ҳудудларида интернетни чеклаб, беш ва ундан ортиқ кишининг йиғилишини тақиқлади, қўшимча полиция кучларини жойлаштирди. Чоршанба куни эса партиянинг 22 миллион обуначига эга ижтимоий тармоқ саҳифаси блокланди.

Танқидчилар бу воқеаларни Моди ва унинг 12 йилдан бери ҳукмронлик қилаётган партияси даврида фуқаролик жамиятига босим кучайганининг яна бир далили деб баҳоламоқда. Ҳиндистонда юқори иқтисодий ўсишга қарамай, ёшлар ишсизлиги даражаси ҳамон юқори бўлиб қолмоқда.

АҚШ-Эрон уруши

АҚШ ҳарбийлари чоршанба куни ҳам Эронга қарши янги зарбалар тўлқинини амалга оширди. Бу америкаликларнинг кетма-кет 12-кеча уюштирган ҳужуми бўлди. Эрон бунга жавобан пайшанба тонгида Кувайтдаги базаларни нишонга олган.

Эрондаги Муҳофизлари корпуси чоршанба куни Ҳўрмуз бўғозидан улар билан келишмасдан ўтишга уринган танкер минада портлаганини маълум қилганди.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса ўз таҳдидларини давом эттирмоқда. Трамп ўз ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида Ҳўрмузда Эрон томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай янги ҳужумга АҚШ зудлик билан жавоб қайтаришини билдирди.

Унинг таъкидлашича, нишонлар қаторига Теҳрон шаҳрида ёки унинг атрофида жойлашган кўприклар ҳамда электр станциялари ҳам кириши мумкин.

Эрон расмийлари эса АҚШнинг фуқаролик инфратузилмасига қарши зарбалари халқаро ҳуманитар ҳуқуқни бузиши ва ҳарбий жиноят сифатида баҳоланишини айтмоқда.

АҚШ таҳдидларига жавобан Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи мамлакатнинг мудофаа сиёсати қатъийлигини таъкидлади. «Бизнинг мудофаа доктринамиз аниқ: кўзга — кўз. Эронга қарши ҳар қандай тажовуз, жумладан, инфратузилмамизга қилинган ҳужумлар кучли ва қатъий жавобга сабаб бўлади», деди Арақчи. У, шунингдек, Эронга қарши урушга ёрдам берган томонлар ҳам қонуний нишон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Украина яна WB’га зарба берди

Украина дронлари яна Россиянинг энг йирик онлайн-ритейл магазини — Wildberries омборларига зарба берди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлди, 14 киши тан жароҳати олди.

Дронлар туни билан Краснодар ва Ставропол ўлкаларида жойлашган Wildberries логистика марказларига зарба берган. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг таъкидлашича, ушбу омборлар «Россия армияси дрон компонентлари, навигация ускуналари ва бошқа анжомлар билан таъминлашда иштирок этган».

4 кун олдин Украина WBʼнинг Россия марказий қисмидаги омборларига ҳам зарба берганди. Ўшанда саккиз киши ҳалок бўлган. Кўпинча «Россиянинг Amazonʼи» деб таърифланадиган Wildberries компаниясида 48 000 га яқин одам ишлайди.

Чоршанба куни Wildberries асосчиси ҳамда Россиянинг энг бой аёли Татяна Ким Краснодар ва Невинномисскдаги логистика марказларига қилинган ҳужумлардан сўнг ходимлар эвакуация қилинганини маълум қилди.

Сўнгги ҳужумлардан бир неча соат ўтгач, BBC ўтказган қидирув-текширувларда WB сайтида ҳарбий анжомлар, жумладан, зирҳли нимчалар ва дрон қисмларининг кенг сотувда мавжудлигини кўрсатмоқда.

Украинанинг зарбалари Россиянинг кичик ва ўрта бизнесига ҳам жиддий зарар келтириб, кун кечириши онлайн-маркетплейсларга боғлиқ юзлаб сотувчиларга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳусийлар Cаудия танкерларини нишонга олди

Ҳусийлар пайшанба куни Қизил денгизда Саудия Арабистонининг иккита нефт танкерига зарба берганини даъво қилди. Ҳусийлар танкерларни «Encelia» ва «Layla» деб кўрсатган.

Яманда жойлашган ҳусийлар душанба куни улар Саудия Арабистонига нисбатан денгиз блокадасини жорий қилганди.

Таҳлилчилар ушбу қадамни ҳусийларнинг иттифоқчиси Эроннинг — АҚШ билан урушда кўпроқ устунликка эришиш учун қўллаган тактикаси, деб баҳоламоқда.

Чоршанба куни Қизил денгиздаги бешта танкер Боб ал-Мандеб бўғозини четлаб ўтиш учун йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлди.

Халқаро денгиз хавфсизлигини бошқариш гуруҳи Саудия байроғи остидаги биринчи танкерга Шуқайқ шаҳридан жануби-ғарбда номаълум снаряд тегганини билдирди.

Саудия расмийлари «Encelia» кемаси экипажининг барча аъзолари хавфсиз ҳолатда эканини хабар қилди. Манбага кўра, танкер Қизил денгизда сузиб кетаётганда нишонга олинган, бу эса кема олд қисмида ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган.

Ҳусийларнинг «Layla» номли иккинчи кемага ҳужум қилгани ҳақидаги даъвоси ҳозирча тасдиқланмади.