Муҳаммадали Салоҳиддиновнинг туғма ногиронлиги бор. Бироқ у бармоқларсиз ҳам автомашинани яхши бошқаради. “Шу ёшга кириб умримда бир марта протез таққанман: у ҳам бўлса тўйим куни турмуш ўртоғим яқинлари олдида уялиб қолмаслиги учун”, – дейди у Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Наманган шаҳрида яшовчи қаҳрамонимиз оиласи, бармоқларсиз ҳам автомашинани яхши бошқара олиши ҳамда орзуси ҳақида гапириб берди:

“27 ёшгача бир мартагина протез қўл тақишга мажбур бўлганман. Бу ҳам бўлса тўйим куни турмуш ўртоғимни уйидан олиб чиқиб кетиш учун қўлим 3 соат протезда турган. Келинчакни кўпчиликнинг олдида юзини ерга қаратмаслик, хижолатга қўймаслик учун 12500 долларга протез сотиб олиб таққанман.

Ногиронлик авлодимизда бўлмаган. Оилада иккинчи фарзандман. Туғма қўлсиз дунёга келганман. Алҳамдулиллаҳ, шу ҳолатимда ҳам барча юмушларни қила оламан. Икки қизим бор. Катта қизим баъзида қўлимга қарайди-да ўзининг қўлига қараб, “Дада, қўлингиз нега бундай?” деб савол беради. Жавоб беришга ҳаракат қиламан...

Бармоқларсиз бўлса-да автомашинани яхши бошқараман. Отам Жигули, Damas машиналарининг олдига ўтиргизиб олиб бошқаришни ўргатган. Отамнинг бошқаришларини кўриб, кўзни пишириб олиб, кейин ролга ўтирганман. Худога шукур, ҳозирда ҳудди соғлом одамлардек машинани бошқара оламан.

Кўп хонадонларга совчиликка борганмиз. Ҳолатимни кўриб туриб қизини бермаган оилалар ҳам бўлди. Ман хоҳлаган аёл топилди. Турмуш ўртоғим мени жуда яхши тушунади. Алҳамдулиллаҳ, бахтлиман, икки қизим бор.

Компютер тузатишни, кузатув камералари ўрнатишни, кондиционер таъмирлашни ўрганганман. Одамларнинг уйига, ташкилотларга камера ўрнатиб тирикчилик қиламан. Бундан ташқари ижтимоий тармоқларда ўзимнинг шахсий саҳифаларим ҳам бор. Бундан ҳам даромад келади.

Битта-ю битта энг катта орзум — ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш. Машина бошқаришни уддаласам ҳам ҳолатим сабаб ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш насиб қилмаяпти”.